Тожикистон чегарачилари билан отишмада икки афғон контрабандачиси ҳалок бўлди

Чегарачилар. sputniknews.ru сайти фотосурати

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) тезкор ходимлари чегарачилар билан биргаликда афғон наркодилерларини қўлга олиш бўйича операция ўтказди, унинг давомида отишма содир бўлиб, икки қоидабузарнинг ўлими билан якунланди. Бу ҳақда Xovat.tj хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, тезкор ходимлар Бадахшон вилоятида туғилган 50 ёшли Азархон Саидумар бошчилигидаги гиёҳванд моддалар контрабандачилари гуруҳининг ҳаракатланиш маршрутини аниқлаган. Жиноятчилар Шамсиддин Шохин ҳудудида юк билан Тожикистон чегарасини ноқонуний кесиб ўиштган. Хавфсизлик кучлари гуруҳни қўлга олишга қарор қилган. Операция давомида контрабандачилар ўз ихтиёри билан таслим бўлиш буйруғига бўйсунмай, ўт очган. Жавоб ўқлари натижасида контрабанда гуруҳи раҳбари Саидумар ва унинг шериги Азизи Рўзмуҳаммад зарарсизлантирилган. Тўданинг қолган аъзолари Афғонистонга қочиб кетишган.

Воқеа жойидан 2 дона Калашников автомати ва 17 дона ўқ-дори, тунги кўриш мосламаси, резина қайиқ, 3 та сумкада 59 дона афюн брикети ва битта метамфетамин брикети мусодара қилинган. Тақиқланган моддаларнинг умумий оғирлиги 58,5 кг ни ташкил этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Хатлон вилояти бўйича тезкор гуруҳининг Тергов бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, жиноий гуруҳ шерикларини аниқлаш ва ушлаш бўйича тезкор-тергов тадбирлари олиб борилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ