Уддабурон бухгалтер Чуй вилоятига 200 нафар нолегал мигрантни этник қирғиз сифатида олиб кирган

Тинтув. Чуй вилояти ИИББ тезкор съёмкасидан лавҳа

Қирғизистоннинг Чуй вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари маҳаллий фирмада ишлаётган, этник қирғиз ниқоби остида ноқонуний мигрантларни рўйхатга олиш схемасини ўйлаб топган ва буни амалга оширган хорижлик бухгалтерни қўлга олди. Бу ҳақда вилоят ИИББ матбуот хизматига таяниб, «АКИpress» хабар берди.

Матбуот хизмати хабарига кўра, 14 май куни Кемин тумани ИИБ тезкор ходимларига Қароол-Добо қишлоғи меҳмонхонасида чет эл фуқароси ноқонуний яшаб, ишлаб келаётгани ҳақида маълумот келиб тушган. Мазкур факт бўйича терговга қадар текширув ўтказилиб, полиция томонидан ноқонуний мигрантнинг шахси аниқланган. Маълум бўлишича, у 2006 йили туғилган Б.А. бўлиб, 14 мартдан буён маҳаллий МЧЖлардан бирида қурувчи бўлиб ишлаб келган. Улар ундан сохта визани топишган. Мазкур ҳолат юзасидан Республика Жиноят кодексининг 168-моддаси («Ноқонуний миграцияни ташкил этиш, мигрантларни ноқонуний олиб кириш (олиб чиқиш)») билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов маълумотларига кўра, ушбу фирмада ҳисобчи бўлиб яна бир чет эл фуқароси ишлаган, 1989 йили туғилган Ж.М. У чет элликларни этник қирғиз ниқоби остида мамлакатга таклиф қилиб, ишга жалб қилиш схемасини ўйлаб топган. Шундай қилиб, у расмий ишга жойлашиш ва республикада қолишни қонунийлаштиришни таклиф қилган. Шу билан бирга, бухгалтер қалбаки ҳужжатлар тайёрлаган, бироқ улардаги маълумотлар Ташқи ишлар вазирлигига киритилган бўлиб, у ерда бир йил муддатга M-Visa to ethnic Kyrgyz расмийлаштирилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, 200 га яқин чет эл фуқароси қалбаки виза олган ва улардан фойдаланишда давом этишмоқда.

Ички ишлар бош бошқармаси ноқонуний мигрантлар қайси давлат фуқаролари эканига аниқлик киритмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ