Жанубий Корея компанияси томонидан «Урганч» аэропортини модернизация қилиш ишлари 225 миллион долларга баҳоланди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

«Урганч» аэропортини модернизация қилиш лойиҳаси қиймати 223 миллион долларни ташкил этади. Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореянинг Incheon International Airport Corporation компанияси раҳбарияти билан учрашуви ҳақида гапираркан, шу ҳақда хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, айнан шу корпорация «Урганч» халқаро аэропортини модернизация қилиш ва бошқариш бўйича Франция, Туркия, Қатар ва бошқа мамлакатлардан яна етти компания иштирок этган тендерда ғолиб чиққанди.

1 май куни Хоразм вилоятига ташриф буюрган Ўзбекистон раҳбари билан учрашувда Жанубий Корея корпорацияси президенти Хаг Чжэ Ли Инчеон аэропорти сиғими бўйича дунёда учинчи, хизмат кўрсатиш сифати бўйича эса етакчилардан бири эканини таъкидлади. «Урганч» аэропорти ушбу компания бошқарувидаги иккинчи объектга айланади.

Корпорация вакиллари «Урганч» аэропортини кенг кўламли модернизация қилиш, жумладан, янги учиш-қўниш йўлаги, юк ва йўловчи терминалларини қуриш, шунингдек, халқаро ICAO стандартларига мос замонавий ёритиш ускуналарини ўрнатиш бўйича режалар билан ўртоқлашди. Лойиҳани 2025–2027 йиллари якунлаш режалаштирилган.

Буларнинг натижасида аэропорт Boeing 747 ва Airbus 350 каби йирик ҳаво кемаларини қабул қилиш имконига эга бўлади. Аэровокзалнинг умумий майдони 39 минг квадрат метрга етиб, соатига 1 минг 300 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қуввати яратилади.

Ўзбекистон Президенти аэропортнинг модернизация қилиниши сайёҳлар оқимини кўпайтириш, минтақада ишбилармонлик фаоллигини ошириш, ҳаво қатнови сифатини оширишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

«Хоразмда кўплаб замонавий меҳмонхоналар, дам олиш ва савдо марказлари барпо этаяпмиз. Келажакда сайёҳлар оқимини 5 миллионга етказишни мақсад қилганмиз. Буни аэропорт билан ҳамоҳанг қилсак, ўзаро манфаатли бўлади, даромад кўпаяди», — деди давлат раҳбари.

Мирзиёев, шунингдек, янги терминал архитектурасида миллий хусусиятни сақлаш муҳимлигини қайд этди. Президент хизмат кўрсатиш соҳасида Жанубий Корея тажрибасини ўзлаштириш, бу борада маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш зарурлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги «Урганч» аэропортида ишлар давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида амалга оширилишини эслатди. Хусусий шерик йўловчи ва юк терминалларини қуриш ва бошқариш, шу жумладан, ерда хизмат кўрсатиш ишларини амалга оширади. Давлат шериги аэродром мажмуасини қуриш ва бошқариш (учиш-қўниш йўлаги, перрон) учун жавобгарликни ўз зиммасига олади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ