Европа комиссияси вице-президенти Кая Каллас Марказий Осиёнинг учта давлатига ташриф буюради

Кая Каллас. aa.com.tr сайти фотосурати

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили — Европа комиссияси вице-президенти Кая Каллас шу ҳафта Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистонга ташриф буюради. Тегишли пресс-релиз Европа Иттифоқи дипломатик хизмати сайтида эълон қилинди.

Каллас турнеси 27 март куни Туркманистонга ташрифb билан бошланади. Ашхободда «Европа Иттифоқи-Марказий Осиё» 20-чи вазирлар йиғилиши бўлиб ўтади, унга Европа комиссияси вице-президенти раислик қилади. Тадбирда минтақанинг барча бешта постсовет республикаси вакиллари иштирок этади.

Кун тартибидан жорий йил 3-4 апрель кунлари тарихда илк бор Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» саммитига тайёргарлик кўриш масалалари жой олган. Бундан ташқари, Ашхободдаги учрашув кун тартибидан Россия ва Украина ўртасидаги қуролли можаронинг минтақавий оқибатлари, транспорт ва рақамли алоқа, муҳим минераллар, энергия ва сув ресурслари, савдо, таълим ва бошқа масалалар ўрин олган. Туркманистон пойтахтида Каллас ушбу мамлакат президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Рашид Мередов, ҳамда Тожикистон Ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари Сирожиддин Мухриддин билан икки томонлама музокаралар ўтказади.

Кейин Европа Комиссияси вакили Тошкентга боради. Бу ерда унинг давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашувлари режалаштирилган.

28 март куни Каллас Қозоғистонга ташриф буюради ва у ерда республика раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Мурат Нуртлеу билан музокаралар ўтказади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ