Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон футбол федерациялари 2031 йилги Осиё кубогини биргаликда ўтказиш учун номзодлик таклифини юборган. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар бераркан, Осиё Футбол Конфедерацияси (ОФК) 2031 йилги Осиё Кубогига мезбонлик қилиш учун номзодларни ҳозирданоқ кўриб чиқаётганини таъкидлади.
«Сўнгги йилларда Марказий Осиёда футбол борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган шароитлар, халқаро майдондаги нуфузидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғиз Республикаси футбол уюшмалари биргаликда Осиё кубоги мезбонлигини юқори савияда ўтказишга ишонч билдирган ҳолда, ўз қўшма номзодини илгари суришди», — дейилади хабарда.
Осиё Кубогига мезбонлик қилиш учун қўшма аризада Туркманистон ҳам иштирок этиши кутилганди – Ашхободда 45 минг ўринли стадион бор – аммо бу амалга ошмаган.
Ўзбекистон нуфузли мусобақани қабул қилишга ҳар томонлама тайёр экани қайд этилган. Тошкент, Наманган, Фарғона, Қарши каби шаҳарларда стадионлар халқаро стандартларга мос равишда тартибга келтирилган. Қўшимча равишда, охирги йилларда Осиёнинг U-20, U-23 турнирлари, Футзал бўйича Жаҳон чемпионати мезбонлиги улкан тажриба вазифасини ўтаган.
Спорт эксперти Алишер Никимбаевнинг фикрича, ариза умуман ОФКни қаноатлантириши керак, аммо ҳозирча барча шартлар бажарилмаган. Жумладан, уч давлат ҳудудида 50 000 ўринли финал ўйинлари учун стадион йўқ, аммо Бишкекда бундай арена қурилмоқда. Бундан ташқари, ОФК 2026 йили қарор қабул қилгунга қадар турнирнинг бош стадиони қурилиши якунланиши керак. Ярим финал ўйинлари учун камида 40 000 кишини сиғдирадиган иккита арена керак. Айни дамда Душанбе ва Тошкентда стадионлар қурилмоқда.
Бироқ, яқин келажакда ҳал қилиниши керак бўлган бошқа деталлар ҳам бор, улар орасида кўпчилик стадионларда скай-бокслари (майдоннинг панорамали кўринишдаги хоналари) йўқлиги ва шаҳарлар ўртасида тўғридан-тўғри рейсларнинг йўқлиги.
Никимбаев ҳисоб-китобларига кўра, Осиё кубоги ўйинларига мезбонлик қилиши мумкин бўлган шаҳарлар рўйхатига учта пойтахтдан ташқари Наманган, Қарши, Фарғона ва Хўжанд ҳам киритилган. Тахминларга кўра, Жалолобод ҳам қўшилади.