Тожикистонда давлат тўнтаришига уриниш иши бўйича судланганлар ҳукмни қайта кўриб чиқишни сўрашди

proffadvokat.ru сайти фотосурати

Тожикистонда давлат тўнтаришига уриниш иши бўйича судланган барча шахсларнинг адвокатлари ҳукмни қайта кўриб чиқишни сўраб кассация шикояти берди. Бу ҳақда республика Олий суди вакилларига таяниб, «Азия-Плюс» нашри хабар берди.

Айбланувчиларга нисбатан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этишни назарда тутувчи ҳукм 5 февраль куни чиқарилган эди. Ва атиги уч кундан кейин, Олий суд ходимларининг сўзларига кўра, биринчи кассация шикояти судга келиб тушган. Кейинчалик қолган айбланувчилар ҳам ҳукм устидан шикоят қилишган. Барча адвокатлар ҳужжатларни 17 февралгача топширганлар, яъни улар қонунда белгиланган муддатларга риоя қилишган, дея қўшимча қилган Олий суд.

«Азии-Плюс» журналистларининг қайд этишича, камида уч нафар маҳкумнинг адвокатлари ва қариндошлари дастлабки қарорни ўзгартириш талаби билан юқори судга шикоят қилинганини тасдиқлашган. Бундан ташқари, саккиз йилга озодликдан маҳрум этилган журналист Рухшона Ҳакимованинг ҳимоячиси Тожикистон Жиноят кодексининг шартли жазони назарда тутувчи 71-моддаси қоидаларига асосланиб, ҳимояси остидаги шахсни озод этишни сўраган.

Кассация шикоятларини кўриб чиқиш қанча давом этиши айтилмаган.

ℹ️ Давлат тўнтаришига уриниш иши бўйича суд 5 февраль куни Душанбедаги тергов изоляторида бўлиб ўтди. Энг узоқ муддат – 27 йиллик қамоқ жазоси Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги собиқ раҳбари Ҳамрохон Зарифий ва Демократик партиянинг собиқ раиси Саиджафар Усмонзодага берилди. Республика Давлат хавфсизлик қўмитасининг истеъфодаги полковниги Жамшед Бобоев 21 йилга, Демократик партия раҳбарининг собиқ ўринбосари Аҳмадшоҳ Комилзода эса 19 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Олий суднинг собиқ раиси Акбаршоҳ Искандаров, Социал-демократик партия раиси ўринбосари Шокиржон Ҳакимов ва Давлат хавфсизлик қўмитасининг истеъфодаги полковниги Нураҳмад Ғанизода 18 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Қайд этилишича, судланувчиларнинг аксарияти давлатга хиёнат ва ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш моддалари бўйича айбдор деб топилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ