Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 11 февраль куни Россия Федерацияси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Максим Орешкин бошчилигидаги Россия делегациясини қабул қилди. Томонлар икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик суръатини сақлаб қолиш чора-тадбирларини муҳокама қилди, деб хабар қилади Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати.
Хусусан, учрашувда аввал эришилган келишувларни, жумладан, Владимир Путиннинг ўтган йил май ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Ҳамкорликнинг қуйидаги йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди:
👉 саноат кооперацияси ва электрон тижорат лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш;
👉 сув хўжалиги ва олий таълим соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш;
👉 муҳандис кадрлар тайёрлаш ва сунъий интеллектни ривожлантириш;
👉 маданий алмашинув ва спорт.
Эслатиб ўтамиз, Россия президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда 3 баробарга ошириш ва уни 30 миллиард долларга етказиш бўйича келишувга эришган эди. Ўшанда Мирзиёев Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги қўшма лойиҳаларнинг умумий портфели 45 миллиард доллардан ошгани, май ойида 20 миллиард долларлик ҳамкорлик лойиҳалари бўйича янги келишувларга эришилганини таъкидлаганди. Етакчи корхоналарнинг қўшма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида томонлар қўшма инвестиция платформасини ишга туширишга келишиб олганди.