Муфтийга пичоқ билан ҳужум қилган Тожикистон фуқароси 26 йилга озодликдан маҳрум этилди

САИДМУКАРРАМ АБДУЛҚОДИРЗОДА. SPUTNIK.TJ САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Тожикистон Уламолар кенгаши раҳбари Саидмукаррам Абдулқодирзодага ўтган кузда пичоқ билан ҳужум қилган шахс 26 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда «Азия-плюс» нашри хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, маҳкум 24 ёшда, ота-онаси мактабда ишлайди: отаси ўқитувчи, онаси фаррош. Ҳужумдан бир ой ўтиб Абдулқодирзода «бу йигит экстремистлардан бири бўлган», деганди. Муфтийнинг сўзларига кўра, суд мажлисида у «кўп йиғлаб, тавба қилганини, саросимага тушганини, уни йўлдан оздиришганини, нима қилаётганини тушунмай қолганини айтган».

Муфтий ҳаётига суиқасд иши бўйича яна икки киши судланган, бироқ тафсилотлар маълум қилинмаган. Тожикистон Олий суди ҳукмни тасдиқлаган, бироқ ҳужжат ҳали қонуний кучга кирмаганига ишора қилиб, тафсилотларни тақдим қилишдан бош тортган.

ℹ️ 61 ёшли Саидмукаррам Абдулқодирзода 2010 йил октябрь ойидан буён Тожикистон Уламолар кенгашини бошқариб келади. Муфтийга ҳужум 2024 йил 11 сентябрда содир бўлган. Душанбе марказий масжиди яқинида бир йигит Абдулқодирзодага пичоқ билан ҳужум қилган. Муфтий яраланган. Аввалига Ички ишлар вазирлиги ҳужум «безорилик ниятида» содир этилганини маълум қилган. Ҳужумчи шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилган, бироқ ИИВ қайси модда бўйича эканига аниқлик киритмаган. Вазирлик ҳужум бўйича терговнинг бориши ва ушбу иш бўйича суд жараёни ҳақида ҳалигача қўшимча маълумот бермади, дея қайд этади «Азия-плюс» нашри.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ