Яқин орада Душанбе шаҳрида Area AI майдончаси негизида сунъий интеллект хаби (AI-хаб) очилади. АҚШнинг NVIDIA корпорацияси ушбу йирик лойиҳани амалга оширишда маҳаллий ҳокимият органларига кўмаклашади. Бу Марказий Осиёдаги илк шундай объект бўлади, деб хабар беради «Азия-Плюс» нашри.
Инновацион сунъий интеллект хабининг тақдимоти яқинда Тожикистоннинг Берлиндаги элчихонасида бўлиб ўтди. Тадбирда NVIDIA вакиллари билан бир қаторда IT-индустрияси, хусусан, сунъий интеллект соҳасини ривожлантириш билан шуғулланувчи Armada, VEON, DataVolt, Perplexity ва Supermicro компаниялари вакиллари иштирок этди. Улар NVIDIA нинг рақобатчилари ҳисобланади.
Тожикистоннинг Германиядаги элчиси Имомуддин Сатторов лойиҳанинг ишга туширилиши БМТ Бош Ассамблеясининг Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишида сунъий интеллектнинг роли тўғрисидаги резолюцияси мақсадларини амалга оширишга ҳисса қўшишини таъкидлади. Ушбу резолюция ўтган йил июль ойида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ташаббуси билан қабул қилинган эди.
Ўз навбатида, Саноат ва янги технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Сунъий интеллект бўйича кенгаш раиси Азизжон Азимий Area AI негизида экотизим яратилишини қўшимча қилди. Унинг вазифаларидан бири илғор инновацияларни йирик саноат лойиҳаларига жорий этишдан иборат бўлади.
AI-хабни бошқариш Zehnlab.ai компаниясига топширилган. Компания ишланмалари орасида тожик тилида сунъий интеллект билан ишлаш имконини берувчи тил модели ҳам бор. Ҳозирда компания NVIDIA билан биргаликда хабнинг техник дастурини ишлаб чиқмоқда.
Дастурнинг асосини фундаментал ва тил моделлари, синтетик маълумотлар яратиш технологиялари, гидроэнергиядан фойдаланадиган график процессорлар асосидаги ҳисоблаш инфратузилмаси, шунингдек, таълим, давлат сектори, молия ва бошқа соҳалар учун ечимлар ташкил этади.
Бундан ташқари, хаб Душанбе шаҳридаги Area AI майдончасини Хўжандда бўлажак саноат сунъий интеллект парки ҳудудида ташкил этилаётган жисмоний сунъий интеллект лабораторияси билан боғлайди. Лаборатория NVIDIA корпорацияси лойиҳалари тажрибаси асосида жисмоний сунъий интеллектни ривожлантирадиган Марказий Осиёдаги биринчи муассаса бўлади. Бу ёндашув таълим ва илмий тадқиқотларни технологияларни саноат объектларида синовдан ўтказиш билан бирлаштириш имконини беради.
Маълум бўлишича, биринчи лойиҳа кончилик соҳасида сунъий интеллектдан фойдаланишга бағишланади. Хусусан, фойдали қазилмалар мавжуд бўлган рудани бўш тоғ жинсларидан ажратиш, яъни рудани саралаш жараёнида AI технологиялари қўлланилади. Кейинчалик уч ўлчамли хариталаш ва хавфли ҳамда етиб бориш қийин бўлган ҳудудларни роботлар ёрдамида қидириш ишларида ҳам «ақлли» технологиялардан фойдаланиш режалаштирилган.
Area AI майдончаси жорий йил январь ойида Душанбе шаҳрида очилган эди. Инновацион сунъий интеллект хаби уни ривожлантиришнинг кейинги босқичи бўлиб, Тожикистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида таълим олиш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва сунъий интеллектни жорий этиш мақсадида университетлар, дастурчилар, стартаплар ҳамда саноат корхоналарини бирлаштиради.
Айтиш жоиз, минтақа давлатлари ҳам сунъий интеллект соҳасини ривожлантирмоқда. Масалан, Қозоғистон Экибастуз шаҳрида Data Center Valley, яъни маълумотларни қайта ишлаш марказлари «Водийси»ни ишга туширишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ерда қуввати 1 гигаватт бўлган сунъий интеллект инфратузилмаси яратилмоқда. Биринчи лойиҳа 2027 йилнинг иккинчи чорагида ишга туширилади. Инвестициялар ҳажми 5 миллиард долларни ташкил этади. Ушбу ташаббусда Қозоғистоннинг ҳамкорлари Firebird AI ва NVIDIA компанияларидир.
Ўзбекистон ҳукумати Қорақалпоғистонда сунъий интеллект ва маълумотларни қайта ишлаш марказлари учун махсус технологик зона ташкил этишни режалаштирмоқда. Хусусан, қуввати камида 1 ГВт бўлган барқарор электр таъминотини талаб қилувчи, умумий қиймати 8 миллиард долларлик олтита лойиҳа ҳақида сўз борган эди. Бундан ташқари, Саудия Арабистонининг DataVolt компанияси Тошкентда маълумотлар марказини қурмоқда. Унинг қурилишига 150 миллион долларгача маблағ сарфланиши кутилмоқда.



