Тожикистонда молиявий хизматлар фойдаланувчилари ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил лавозими ташкил этилади. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман идорасига таяниб, «Азия-Плюс» хабар берди.
Илгари Тожикистонда тадбиркорлар ҳуқуқларини давлат даражасида ҳимоя қиладиган институт бўлмаган. Бу лавозим мамлакат президенти Эмомали Раҳмон фармонига мувофиқ пайдо бўлади. Қайд этилишича, Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман ҳузурида молиявий хизматлардан фойдаланувчилар ва тадбиркорлар ҳуқуқларини давлат томонидан ҳимоя қилиш бўлими фаолият юритмоқда, бироқ ҳозирча вакил лавозимига ҳеч ким тайинланмаган.
Бошқарма бошлиғи Зафар Солеҳзоданинг сўзларига кўра, «Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилиб, лойиҳа тайёрланган.
«Агар ишчи гуруҳ томонидан тайёрланган қонун лойиҳаси ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланса, ушбу қонунга янги вакилнинг мақсад ва вазифаларини жамловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. Шунингдек, у республикадаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ўринбосари бўлади», — деди Солеҳзода.
Бизнес-омбудсман тадбиркорларнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари тегишли органлар, масалан Солиқ қўмитаси томонидан ўтказилаётган текширишлар жараёнида бузилган бўлса, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади, шунингдек, хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини, масалан банклардан кредит олишда ҳимоя қилади.
Бизнес-омбудсман билан боғланиш жараёни инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсман билан ёзма, телефон ва электрон шаклда боғланишга ўхшаш бўлади. Айни пайтда электрон мурожаатлар Омбудсманнинг инфо@ombudsman.tj электрон манзилига қабул қилинмоқда. Бизнес-омбудсман тайинлангач, унинг идораси ўз электрон почта манзилига эга бўлади.
Сўнгги пайтларда Тожикистонда бизнес муаммоларига эътибор кучайтирилди. Жумладан, ҳукумат ижтимоий тадбиркорликка кўпроқ эътибор бера бошлади, уни фаол қўллаб-қувватлашга қарор қилинди. Бизнес-омбудсман институтининг ташкил этилиши ҳам маҳаллий ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлардан бири ҳисобланади.