Бишкек суди пойтахт мэриясига троллейбус тармоғини демонтаж қилишни тўхтатиб туришни буюрди

vb.kg сайти фотосурати

Бишкек маъмурий суди пойтахт мэриясига иш бўйича қарор қабул қилингунга қадар троллейбус алоқа тармоғи ва тортиш подстанцияларини демонтаж қилишни тўхтатиб туришни буюрди. Бу ҳақда суд матбуот хизматига таяниб, Kaktus.media хабар берди.

Аниқлик киритилишича, бундан олдин инстанцияга тегишли ариза келиб тушган. Бироқ, даъвогар сифатида ким ҳаракат қилгани номаълум. Ҳужжатда тармоқ ва подстанцияларнинг тўлиқ демонтаж қилиниши уларни қайта тиклаш имкониятини йўққа чиқариши таъкидланган. Яъни, шаҳарда троллейбусни сақлаб қолишга оид якуний қарор чиқарилса, алоқа линияларини қайта ишга тушириш имконсиз бўлади.

Ушбу ҳолатни ҳисобга олган ҳолда суд аризани қаноатлантирган.

Бишкеклик фаолларнинг хабар беришича, ноябрь ойи бошида Туркий давлатлар ташкилоти саммити ўтказилиши муносабати билан пойтахтда троллейбуслар ҳаракати тўхтатилган. Ҳокимлик ушбу транспорт тури тез-тез бузилиб, тирбандлик ҳосил қилгани учун ҳаракати тўхтатилганини тушунтирган. Аммо сиёсий форум якунланганидан кейин ҳам пойтахт кўчаларида троллейбуслар пайдо бўлмаган.

ℹ️ Эслатиб ўтамиз, жорий йил июль ойида Бишкек маъмурияти раҳбари Айбек Жушуналиев ушбу турдаги жамоат транспортидан бутунлай воз кечилишини маълум қилганди, унинг ўрнига электр автобусларини ишга тушириш режалаштирилган. «Барча электр узатиш линиялари ва кабеллар ер остига ётқизилади. Троллейбуслар фақат битта йўналишда ҳаракатланиши мумкин, биз уларни вақтинча бошқа кўчаларга йўналтира олмаймиз. Яъни, улар фақат ўз йўналишида ҳаракатланиши мумкин, баъзи ёпилишлар вақтида уларнинг йўналишини ўзгартиришнинг иложи йўқ», — дея қарорни изоҳлаганди шаҳар ҳокими.

Шу билан бирга, расмийлар ташаббус муҳокама қилинишидан олдинроқ троллейбус йўлларини демонтаж қила бошлаганлар.

Шаҳарликлар ҳокимликинг бундай ҳаракатларига бир неча бор қарши чиқишган. Масалан, ноябрь ойи ўрталарида пойтахтликлар «Ҳоким истеъфога чиқсин, троллейбуслар қайтарилсин!» шиори остида очиқ акция ўтказиш ниятида бўлган. Жараёнга депутатлар ҳам қўшилган. 13 ноябрь куни парламент вакили Дастан Бекешев Бишкек расмийларини троллейбус қатновини йўлга қўйишга чақирди, чунки одамлар шаҳарда жамоат транспорти йўқлигидан шикоят қила бошлашганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ