Қозоғистон МСК АЭС қурилиши бўйича ўтказилган референдумнинг дастлабки натижаларини эълон қилди

election.gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистонликлар республикада атом электр станцияси қурилишини қўллаб-қувватлайди – референдумда овоз берганларнинг 71,12 фоизи бу ғояни ёқлади, дея хабар қилинди Марказий сайлов комиссиясида бўлиб ўтган брифингда.

МСК маълумотларига кўра, 5 561 937 киши «ёқлаб» овоз берган. «Қарши» бўлганлар сони — 2 045 271 (бу 28,88%) одамдан иборат.

Умумий ҳисобда референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга қозоғистонликларнинг 63,66 фоизи иштирок этган.

130 минг бюллетень ҳақиқий эмас деб топилган, улардан 82 мингтасида иккала жавоб варианти танлаб олинган.

Республикада референдум 6 октабрь куни бўлиб ўтди. Фуқаролардан «Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишига розимисиз?» деган саволга жавоб бериш сўралган.

Ўтган йили Республика Энергетика вазирлиги станция Олмаота вилоятининг Жамбил туманидаги Улкен қишлоғида пайдо бўлиши мумкинлигини маълум қилганди. Бироқ, бунинг учун технология етказиб берувчи ҳали танланмаганди. Бундан олдин Президент Қосим-Жомарт Тўқаев фуқаролар АЭС қуриш ғоясини қўллаб-қувватласа, бу ишни халқаро компаниялар консорциуми амалга ошириши кераклигини айтган эди.

«Бу қийин савол. Ҳукумат таҳлил қилиб, музокаралар олиб бориши керак. Лекин шахсий фикрим шуки, Қозоғистонда энг илғор технологияларга эга бўлган халқаро компаниялар консорциуми фаолият юритиши керак. Кейинги ишларни ҳаёт кўрсатади», — деган Тўқаев сайлов участкасида журналистларнинг тегишли саволига жавоб бераркан.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ