Қирғизистон Омбудсмани Жамила Жаманбаева ОАВ ва интернетда туҳмат ва ҳақорат учун жарима тўлашни назарда тутувчи ташаббус муаллифларига қонун лойиҳасини қайтариб олишни сўраб мурожаат қилди. Жумладан, уни ушбу қонунбузарликлар учун ҳаддан ташқари юқори пул жазоси ҳайратга солган, деб ёзади Kaktus.media.
27 сентябрь куни баҳсли қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда сўзга чиққан Жаманбаеванинг аниқлик киритишича, 1000 ва 2000 ҳисоб миқдоридаги жарималар асоссиз равишда юқори белгиланган. Унинг сўзларига кўра, санкциялар мутаносиблик тамойилига мос келмайди, чунки ҳуқуқбузарлик учун жазо жиноят содир этганликдан сезиларли даражада кам бўлиши керак. Лекин туҳмат ва ҳақорат жиноий ҳаракатга кирмайди.
Омбудсман, шунингдек
пул жазосини қўллаш билан қонун лойиҳасида кўрсатилганидек, Маданият вазирлиги эмас, балки судлар шуғулланиши кераклигига эътибор қаратади.
Ҳуқуқ ҳимоячиси ўз фикрини асослаб, республикада Фуқаролик кодексининг 18-моддаси ва Олий суд пленумининг 2015 йил 4-сонли қарори амалда эканини, унга кўра фуқаро шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсни ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиши мумкинлигини айтади.
Шу билан бирга, Жаманбаева оммавий ахборот воситалари ва интернет, жумладан, ижтимоий тармоқларда ёлғон маълумот тарқатганлик учун ҳам худди шундай жарималар жорий этиш режалаштирилаётганига эътибор қаратди. Шу билан бирга, у ўзгартишлар ташаббускорларидан жазо миқдорини камайтириш ва амалдаги қонунчиликка нисбатан зиддиятларни бартараф этишни сўради.
Лойиҳа парламентдан ҳам норози фикр-мулоҳазаларга сабаб бўлди. Депутат Исхақ Масалиев ҳужжатни қайтариб олишни сўради, зеро у мустақил матбуот ва ижтимоий тармоқларда ҳокимиятни танқид қилувчиларга қарши ишлайди.
«Қонун лойиҳасининг ўзига хослиги шундаки, унда жазони ўн баробарга ошириш таклиф қилинган. <...> Юридик шахс қандай қилиб кимнидир ранжитиши мумкинлигини билмайман, жисмоний шахслар — журналист, муҳаррир доим жавоб беришади», — дея тушунтирди халқ вакили.
Унинг қўшимча қилишича, туҳмат ва ҳақоратларга жавоб берилиши керак, лекин ҳар бир ҳаракатга муносиб баҳо берилиши, жарималар эса мутаносиб бўлиши лозим.
ℹ️ Қирғизистон ҳукумати ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Жиноят кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси август ойи охирида Жогорку Кенешга (парламентга) киритилган эди. Ҳужжатга кўра, оммавий ахборот воситалари, интернет ресурслари ва ижтимоий тармоқларда туҳмат ва ҳақорат учун фуқароларга 100 минг сўм, юридик шахсларга эса 200 минг сўм миқдорида жарима солиш таклиф этилмоқда.