Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари муваққат ҳукуматнинг собиқ аъзоси Азимбек Бекназаровни қўлга олди. «Инқилоблар булдозери» лақаби билан танилган сиёсатчи давлат маблағларини ўғирлаш ва пул ювишда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда 24.kg МХДҚ матбуот хизматига таяниб хабар берди.
Қўмита вакилларининг аниқлик киритишича, Бекназаровга нисбатан 2010 йил апрель воқеалари чоғида Ҳукумат уйидаги банк шаҳобчаларидан олинган пулларни ўғирлаш ва ўзлаштириш ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчи катта миқдордаги маблағни ўзлаштиришда иштирок этган. Бироқ, разведка хизмати ўғирланган маблағларнинг аниқ рақамларини ошкор этмаган.
Тергов маълумотларига кўра, Бекназаров кўчмас мулк сотиб олиш орқали жиноий йўл билан қўлга киритилган пулларни «ювган» ва кейинчалик уни сохта кимсалар номига расмийлаштирган. Жумладан, гап Иссиқкўл, Бишкек, Чуй ва Жалолобод вилоятларидаги қимматбаҳо объектлар ҳақида кетмоқда.
Шу муносабат билан 12 сентябрь куни «Инқилоблар булдозери» МХДҚ ҳибсхонасига жойлаштирилган.
ОАВ таъкидлашича, бир кун аввал унинг ўғли Руслан Беназаров сиёсатчининг ҳибсга олингани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар тарқатган. Унинг аниқлик киритишича, отаси муваққат ҳукуматдаги ишлари туфайли Миллий хавфсизлик қўмитасига сўроққа чақирилган. Русланнинг сўзларига кўра, бундан олдин отаси икки марта сўроқ қилинган, учинчидан сўнг ҳибсга олинган.
ℹ️ Азимбек Бекназаров — қирғиз давлат арбоби. Юридик маълумотга эга. Бир неча йил мамлакат парламенти депутати бўлган. 2005 йил март ойидан сентябрига қадар Республика Бош прокурори лавозимида ишлаган. Бекназаров 2005 ва 2010 йиллардаги давлат тўнтаришларининг фаол иштирок этгани учун «Инқилоблар булдозери» лақабини олган. 2010 йили муваққат ҳукумат Бош вазири ўринбосари лавозимида ишлаган. Сиёсатчи шу йилнинг июнь ойида сафдошлари билан биргаликда «Кампиробод» иши бўйича оқланган эди.