Қозоғистоннинг «Ак жол» демократик партияси раиси ўринбосари порахўрлик иши билан қўлга олинди

Дмитрий Васильев. akzhol.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси «Ак жол» партияси раиси ўринбосари Дмитрий Васильевнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади. Бу ҳақда партия раҳбари Азат Перуашев маълум қилди, деб ёзади NUR.kz.

Унинг аниқлик киритишича, партия Миллий хавфсизлик қўмитасидан (ҳибсга олингани ҳақида) расмий жавоб олган. Шу билан бирга, қўмита Васильев айнан нимада гумон қилинаётганига аниқлик киритмаган.

«Биз унинг адвокатлари билан боғланишга ҳаракат қилдик, аммо ҳозирча алоқа йўқ. Умид қиламанки, бугун ёки эртага уларни топамиз. Ва адвокатлар берадиган маълумотларга асосланиб, нималар бўлаётганини биламиз. Қайси модда бўйича эканига ҳали ойдинлик киритилмаган. Кўринишидан, расмий ёзишмалардан нималардир сизиб чиққан бўлса керак, аниқроғи у эмас, балки Миллий гвардия мансабдор шахси «пора олишда» айбланмоқда. Бу ерда гап нима ҳақида бораётганини тушуниш керак», — деган Перуашев парламент ялпи мажлиси чоғида.

У Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексига кўра, пора беришга мажбурланган шахс жиноятчи эмаслигини таъкидлаган. «Биз пора беришни ким бошлаганини билишимиз керак, ёки Василев бўлган ёки у товламачилик қурбонидир», — дея қўшимча қилган партия раҳбари.

«Ак Жол» партияси сайтидаги маълумотларга кўра, Васильев 1970 йил 3 мартда Қозон шаҳрида (Россия) туғилган. Качин олий ҳарбий авиация учувчилар мактабини тамомлаган, СССР қирувчи авиациясида ишлаган ва 1997 йилдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади. 2017 йилдан буён Олмаота шаҳар Жамоатчилик кенгаши аъзоси, шунингдек, «Ак Жол» паптиясининг Олмаота бўлими раиси.

Васильевнинг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотлар сентябрь ойи бошида оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлди. «Время» газетаси у ва акаси Максим билан ИИВ Миллий гвардияси бош қўмондони техника ва қурол-яроғлар бўйича ўринбосари Константин Воронкинга пора бериш ишига алоқадор бўлганини ёзган.

Дмитрий Васильев «Параллель-ТС» савдо МЧЖ асосчиси. Акаси шу корхонада директор бўлиб ишлайди. Тергов маълумотларига кўра, улар Константин Воронкинга ҳомийлик қилиш ва давлат харидлари доирасида Миллий гвардия ва «Параллель-ТС» МЧЖ ўртасида шартнома тузиш учун пора берган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ