Асқар Акаев Қирғизистон парламентига собиқ президент мақомини беришларини сўраб мурожаат қилди

Асқар Акаев. platon.kg. сайти фотосурати

Мустақил Қирғизистоннинг биринчи раҳбари Асқар Акаев Жогорку Кенешга (парламент) собиқ президент мақомини беришларини сўраб мактуб йўллаган. Бу ҳақда АКИпресс парламент конституциявий қўмитаси раҳбари Чўлпон Султанбековага таяниб хабар беради.

Акаевнинг парламент спикери Нурланбек Шакиевга йўллаган мактуби 2024 йил 30 июлда олинган. Бу вақтда депутатлар таътилда бўлганлар, улар 1 сентябрдан иш бошлаганлар. Султанбекованинг сўзларига кўра, Жогорку Кенешга мактуб 5 сентябрь куни эрталаб келиб тушган, бироқ у «ҳали чуқур ўрганиб чиқмаган». Мактубни ўқиб чиққач, уни фракция етакчиларига юборади, сўнгра маслаҳатлашувлар ўтказилади. «Бу жуда узоқ жараён ва парламент қандай қарор қабул қилиши номаълум», — дея тушунтиради Султанбекова.

«Сейчас.kg» телеграм канали Қирғизистон собиқ президенти мақомининг афзаллик томонларини санаб ўтади. Жумладан:

👉 Тўлиқ иммунитет. У ва унинг мулки дахлсиздир. Собиқ президентни ҳатто сўроқ қилиш мумкин эмас.

👉 Бир умрлик давлат ҳимояси бириктирилади.

👉 Собиқ президент, унинг яқин оила аъзолари учун давлат ҳисобидан тўлиқ тиббий ёрдам кўрсатилади.

👉 Юқори пенсия тўланади.

👉 Давлат дала ҳовлиси умрбод фойдаланишга берилади.

👉 Собиқ президентнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилинади.

👉 Собиқ президент вафотидан кейин оиласига бериладиган нафақа, унинг вафот этган кунида белгиланган энг кам пенсиянинг олти баравари миқдорида бўлади.

Асқар Акаев Қирғизистонни мустақилликнинг илк йилларидан 2005 йилгача бошқарган. Мамлакатда инқилоб юз бериб, Қурманбек Бакиев ҳокимиятга келгач, собиқ президент ва унинг оила аъзолари Россияга қочиб кетади. Москвада у илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланган. Кейинчалик Акаевга нисбатан ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда иштирок этганлик, 1992 йили «Камеко» компанияси билан бош шартнома тузишда ва 2003 йили «Қумтор» лойиҳасини қайта қуриш эпизодларида масъулиятсизлик қилгани айби қўйилган. Бироқ, 2021 йил августида Акаев Қирғизистонга келиб, «Қумтор» иши бўйича тергов билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига кўрсатма берганидан сўнг, у ўз ватандошларига видеомурожаат қилиб, унда «Қумтор» лойиҳаси бўйича қарор қабул қилишдаги хатоларини тан олган ва улар учун узр сўраган. 2023 йили Ақаевга нисбатан жиноий таъқиб даъво муддати ўтгани сабабли тўхтатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ