Қирғизистон Маданият вазирлиги Жапаровнинг «рус ёрдамчилари» ҳақидаги материални олиб ташлашни талаб қилди

makeuseofimages.com сайти фотосурати

Қирғизистон Маданият вазирлиги «Новые лица» нашридан 24 соат ичида россиялик сиёсий стратеглар Садир Жапаровга 2021 йилги президентлик сайловларида ёрдам берган бўлиши мумкинлигига доир материални ўз сайтидан олиб ташлашни талаб қилди. Бу ҳақда «Клооп» 4 сентябрь куни хабар берди.

Аниқлик киритилишича, гап «Бишкек томон марш. «Вагнер» ХҲК эгасининг одамлари Қирғизистон президентини сайлашда қандай «ёрдам бергани» ҳақида» номли мақола ҳақида кетмоқда. Унинг муаллифи «Новые лица» журналининг бош муҳаррири Лейла Саралаева бўлади. Дарвоқе, вазирлик айнан унга материални олиб ташлашни талаб қилиб хат юборган.

Маданият вазирлиги хабарига кўра, мақолада «Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин билан алоқадор россиялик мутахассис Александр Малькевич Жапаровга сайловолди ташвиқотида ёрдам бергани ҳақида ёлғон маълумотлар келтирилган. Шу билан бирга, вазирлик журналист хулосаларини рад этувчи бирорта ҳам ҳужжат тақдим этмаган.

«''Оммавий ахборот воситалари тўғрисида''ги ва «Ишончсиз (ёлғон) ахборотдан ҳимояланиш тўғрисида»ги қонунларга мувофиқ, ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик назарда тутилган», — дейилади Маданият вазирлиги топшириғида.

«Клооп» хабарига кўра, амалдорлар норозилигига сабаб бўлган мақола 30 август куни мазкур ОАВ веб-сайтида ва «Новые лица» нашрининг веб-ресурсида эълон қилинган. Материалда Саралаева Қирғизистонда 2021 йили бўлиб ўтган президентлик сайловлари ва унда Жапаров ишончли ғалаба қозонгани ҳақида сўз юритади. Шу билан бирга, журналист мазкур кампанияда Пригожин атрофидаги россиялик сиёсий стратеглар иштирок этган бўлиши мумкинлигини таъкидлайди. Маълумки, «Вагнер» ХҲК асосчиси ва раҳбари ўтган йил июнь ойида Россия Мудофаа вазирини алмаштиришни талаб қилиб, исён кўтарганди ва икки ой ўтгач, авиаҳалокатда ҳалок бўлганди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу хабар ёзилаётган пайтда мазкур мақола «Новые лица» нашри сайтида мавжуд эди.

ℹ️ Қирғизистон Маданият вазирлиги ОАВга у ёки бу материални олиб ташлаш талабини биринчи марта қўяётгани йўқ. Масалан, ўтган йил сентябрида вазирлик агар таҳририят сиёсатчи Равшан Жеенбековнинг тергов изоляторида қийноқларга солингани ҳақидаги янгиликни нашрдан олиб ташланмаса, «Клооп»ни блоклаш билан таҳдид қилганди. Расмийларга кўра, унда ёлғон маълумотлар келтирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ