Қирғизистон Олий суди «Клооп Медиа» жамоат фондини тугатишга оид қарорни ўз кучида қолдирди

Kloop.kg сайти фотосурати

Қирғизистон Олий суди судялар ҳайъати Бишкекнинг Октябрь туман судининг «Клооп Медиа» жамоат фондини тугатиш ҳақидаги қарорини ўз кучида қолдирди. Бу ҳақда Kloop.kg хабар берди.

Энди Клооп Медиа ЖФни тугатиш ва унинг банк ҳисобларини ёпиш жараёни бошланишини кутмоқда.

«Биз бошқа нарсани кутмагандик ҳам. Нима бўлишидан қатъий назар, Клооп ишлайди. Тугатиш синовлари даврида ижтимоий тармоқларимиздан фойдаланувчилар сони ортди. Токи бир қирғизистонлик бизни ўқиётган бўлса, биз чуқур текширувлар, энг мувозанатли хабарлар ва энг ўткир рукнларни чоп этишда давом этаверамиз», — деди Клооп асосчиси Ринат Тухватшин.

Эътиборлиси, Олий суд судлов ҳайъати йиғилиши 16 июль куни бўлиб ўтган, бироқ жамғарма бу ҳақда фақат 22 август куни хабар топган. «Клооп Медиа» адвокатларининг сўзларига кўра, Олий суд уларнинг мурожаатларига моҳиятан жавоб бермаган ва улар қарор нусхасини юбормаган. Айни пайтда, қарор 16 июлдан кучга кирган, у якуний ҳисобланади ва шикоят қилиниши мумкин эмас.

«Клооп» Олий судга қарор қабул қилингандан сўнг дарҳол адвокатлар ва жамғармага хабар берилмаганини аниқлаш учун сўров юборган.

ℹ️ Бишкек прокуратураси «Клооп Медиа» жамоат фондини тугатиш тўғрисида 22 август куни бирданига иккита — Октябрь ва Первомайский туман судларига даъво аризаси киритган. Аризада айтилишича, низомга кўра, фонд Қирғизистонда журналистикани ривожлантириш ҳамда «ёшлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа вакилларини ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жараёнлар бўйича ўз фикрларини эркин ифода этишлари учун ахборот платформаси» билан таъминлаш билан шуғулланади. Айни пайтда, фонд низомида маълумот тарқатиш кўзда тутилмаган ва Kloop давлат ОАВ реэстрига киритилмаган, бу эса нашрнинг»“низомдан ташқари фаолият юритааётганини» билдиради. Шу билан бирга, аризада Kloop нашрлари «ҳозирги ҳукумат сиёсатини кескин танқид қилишга қаратилганлиги таъкидланган. Бундан ташқари, нашрларнинг аксарияти давлат ва муниципал органлар вакилларини обрўсизлантиришга қаратилган салбий характерга эгадир».

Орадан тўрт кун ўтиб Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Кабар» миллий агентлигига берган интервьюсида Kloopнинг мамлакатда Испаниянинг «Барселона» футбол клуби академиясининг очилиши юзасидан олиб борилаётган терговига изоҳ бераркан, нашр ходимларини зараркунандаликда айблади.

2024 йил 9 февралда Октябрь туман суди прокуратуранинг «Клооп Медиа» жамоат фондини тугатиш тўғрисидаги даъвосини қаноатлантирди.

Фонд юристлари Бишкек шаҳар судига апелляция аризаси билан мурожаат қилишган, бироқ ариза топшириш муддати ўтказиб юборилгани айтилиб, шикоят кўриб чиқилмаган. «Клооп Медиа» ҳуқуқшунослари Олий судга шаҳар суди қарорини бекор қилиш ва фондни тугатиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиш муддатини тиклаш талаби билан мурожаат қилишган. Бироқ, Олий суд суд томонидан «қонуний ва асосли суд ҳужжати» қабул қилингани ва «уни бекор қилиш учун асослар йўқ» деган қарорга келган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ