Қирғизистонда Россиянинг бир қатор кредит ташкилотлари орқали пул ўтказмаларини чеклаб қўйган банклар сони кўпайди. MBank ортидан «Бакай Банк», «Халык Банк» (ҳозирда «О!Банк»), «Банк Азии», «Қирғизкоммерцбанк» шундай қарорга келди, деб хабар беради 24.kg.
Айрим Қирғизистон банкларида мобил иловалар орқали Россия Сбербанки, МТС Банк ва Тинкофф банкига пул ўтказмалари чекланган. Улар орасида ўз мижозларига пул маблағларини ўтказишнинг муқобил усулларидан – халқаро пул ўтказмалари тизимларидан фойдаланишни таклиф этувчи «Керемет Банк» бор.
Қирғизистон Миллий банкининг тушунтиришича, тижорат банклари терроризмни молиялаштириш ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича қонун ҳужжатларига риоя қилишлари шарт. Республика кредит ташкилотлари томонидан Қирғизистон банк тизимига халқаро санкцияларнинг салбий оқибатларининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Шу боис, мижозлар ва контрагентлар устидан назорат кучайтирилиб, уларнинг санкциялар рўйхатида йўқлиги тўлиқ текширувдан ўтказилмоқда.
ℹ️ 13 июнь куни Қирғизистондаги бир нечта банклар рубль ҳисоблари ва карталарига вақтинчалик чеклов жорий қилди, тўлдириш, ўтказиш ва конвертация қилиш имкониятини тўхтатди. Бунга валюта курсининг ўзгарувчанлиги ва валюта бозоридаги мумкин бўлган кескин тебранишлар сабаб бўлгани айтилади. Бу қарор АҚШ расмийлари россиялик компаниялар ва жисмоний шахсларга қарши янги санкциялар пакетини жорий қилган куннинг эртасига қабул қилинган, санкциялар Москва биржасига ҳам таъсир қилган. 13 июндан бошлаб Москва биржаси доллар ва евродаги савдоларни ҳамда ушбу валюталарда ҳисоб-китобларни амалга оширишни тўхтатган.