Ўзбекистон фермерлар эҳтиёжлари учун Қозоғистонга қўшимча равишда 500 миллион куб метр сув жўнатади

yuz.uz сайти фотосурати

Суғориш мавсуми якунига қадар Ўзбекистон қўшни республиканинг жанубий вилоятлари деҳқонлари эҳтиёжларини қондириш учун Қозоғистонга яна 500 миллион куб метр сув жўнатади. Икки давлатнинг тегишли идоралари раҳбарлари бу борада келишиб олдилар, дея хабар беради Қозоғистон Сув хўжалиги ва ирригация вазирлиги матбуот хизмати.

Расмийларнинг эслатишича, Қозоғистон вазирлиги раҳбари Нуржан Нуржигитов аввалроқ ҳамкасби Ўзбекистон Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраев билан Сирдарё сув таъминоти бўйича келишиб олган. Шу билан бирга, Тошкент олти ой ичида 3,7 миллиард куб метр ресурс жўнатишга ваъда берган. Аммо қўшнилар режани ортиғи билан бажаришган: 1 апрелдан бери қозоғистонлик фермерлар 4 миллиард куб метрдан ортиқ сув олишган.

Бугунги кунда Шардара сув омборини тўлдириш ҳажми 1,5 миллиард куб метрни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 500 миллион куб метрга кўпдир. Бу сув омборининг ресурслари кўпроқ Сирдарё қуйи оқимига йўналтирилади. Жумладан, Қизилқум каналига 850 миллион куб метрдан, Шимолий Орол денгизига 580 миллион куб метрдан ортиқ сув жўнатилган.

«Томонлар олиб борган музокаралар ҳамда қўшниларимиз билан Тўқтўғул сув омбори ва Бахри Тожик сув омборининг иш жадваллари бўйича дастлабки келишувимиз туфайли Дўстлик давлатлараро каналининг Қозоғистон қисмига сув тўхтовсиз оқмоқда. Ҳозир канал орқали мамлакатимизга секундига 90 куб метр сув оқиб ўтмоқда», — дейди Қозоғистон Сув хўжалиги ва ирригация вазирлиги вакили Молдир Абдуалиева.

Унинг сўзларига кўра, бу ҳажм Туркистон вилояти деҳқонларини сув билан тўлиқ таъминлашга етади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ