Ўз юртида ёлланиш моддаси билан судланган қирғиз йигити Россия паспортини олди ва МҲОга қайтади

Асқар Қубаничбек уулу. Кубаничбек уулу шахсий архиви фотосурати

Украинадаги махсус ҳарбий операцияда (МҲО) қатнашгани учун ўз ватанида жиноий жавобгарликка тортилган қирғизистонлик Асқар Кубаничбек уулу Россия паспортини олди ва яна ҳарбий хизматга бориш ниятида. Бу ҳақда унинг ўзи Russia Today мухбири билан суҳбатда айтиб ўтган.

Кубаничбек уулунинг сўзларига кўра, унга 2 август куни Россия паспорти берилган, у Мудофаа вазирлиги билан янги шартнома имзолаган ва тез орада Читадаги ҳарбий қисмга, кейин эса МҲО зонасига боради. Шу билан бирга қирғиз йигити таъкидлашича, у «ўз ватани, Россия манфаатларини ҳимоя қилишга» боради.

RT Кубаничбек уулу 2012 йилдан бери Москвада яшаётганини эслатади. 2022 йил июнь ойида у МҲОга кўнгилли бўлиб борган ва у ерда беш ой бўлган. Қирғизистонликнинг сўзларига кўра, у ерда жанговар топшириқларни бажаришдан ташқари, уйларида озиқ-овқат ва алоқа воситаларисиз қолган қарияларга инсонпарварлик ёрдамларини етказиб берган.

ℹ️ Ҳарбий хизматни тугатиб, отасининг касаллигидан хабар топган қирғизистонлик ўз ватанига қайтиб келган ва у ерда ҳибсга олинган. Ўтган йил май ойида Бишкек суди уни 416-модданинг 2-қисми бўйича, яъни «тегишли давлат органлари рухсатисиз моддий манфаатдорлик эвазига бошқа давлатлар қуролли можароларида қатнашганлик»да айбдор деб топган. Кубаничбек уулу 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Маҳкум ўз айбини тан олмаган, Россия паспортини олиш учун армияга борганини, лекин ҳеч қачон жанговар ҳаракатларда қатнашмаганини таъкидлаган.

Ўша йилнинг августида Қирғизистон Олий суди ҳукмни бекор қилиб, Бишкекнинг Первомайский туман судига ишни қайта кўриб чиқиш учун қайтарган. Жорий йил январь ойида жазони енгиллаштириш тўғрисида қарор қабул қилинган – маҳкумга шартли жазо тайинланган ва четга чиқмаслик тил хати билан қамоқдан озод қилинган. Бироқ, тез орада Кубаничбек уулу ватанини тарк этиб, Россия Федерациясига қайтиб келган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ