Қозоғистоннинг икки шаҳрида – Олмаота ва Атирауда юзни таниб олувчи сунъий интеллект видеокузатув камераларига уланди. Бу ҳақда республика Бош прокурори Берик Асилов Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, тизим август ойидан бошлаб ишламоқда, у қочоқлар, қарздорлар ва бедарак йўқолган шахсларни автоматик равишда таниб олади. «Икки кун ичида терговдан яширинган 2 шахс ва яна бедарак йўқолган 2 нафар инсон юз кўриниши орқали аниқланди», — деди Асилов.
Бош прокурорнинг сўзларига кўра, сунъий интеллект ёрдамида камералар орқали ҳатто ташқи кўриниши ўзгарган (ёши ёки шунга уринган саъй-ҳаракатлари туфайли) одамларни ҳам топиш мумкин, бу «қидирув ишларини сезиларли даражада кучайтиради».
«Прокурорларга тизимни барча ҳудудларда жорий этиш бўйича топшириқ бердим», — дея қўшимча қилди у.
Ҳозирда Қозоғистонда 9 мингдан ортиқ одам қидирувда.
Мамлакатда юзни таниб олувчи камералар ўрнатилаётгани ҳақидаги хабарлар илк бор 2020 йили ижтимоий тармоқларда пайдо бўлиб, шов-шувга сабаб бўлганди. Кейинроқ бу маълумотлар сохта бўлиб чиқди.