Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги воситачиларни бартараф қилиш орқали дори воситалари нархини пасайтириш масаласини кўриб чиқди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Дори воситаларининг нархини белгилаш механизми беморлар, давлат ва ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилмоқда. Ягона дистрибютор фармацевтика ишлаб чиқарувчилари билан тўғридан-тўғри шартномалар тузади, бу эса дори воситалари нархини пасайтиради.
Харид қилиш самарадорлигини ошириш учун ягона дистрибютор яроқлилик муддатини ҳисобга олган ҳолда товарларни режалаштириш ва тақсимлашни автоматлаштирадиган ахборот тизимини жорий қилган. Бу ҳисобдан чиқарилган дори воситалари сонини камайтиради, дея тушунтиради Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Матбуот хизмати вазирлик томонидан ички текширув ўтказилиб, натижада тизимли камчиликлар аниқлангани ва тегишли назорат ўрнатилмаганини маълум қилди. Текширув натижаларига кўра, вазирликнинг масъул бошқармалари ва унга қарашли ташкилотларнинг асосий раҳбарлари эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган.
ℹ️ Дори воситаларининг Қозоғистондаги ягона дистрибютори «СК-Фармация» МЧЖ (масъулияти чекланган жамияти) ҳисобланади. Компания 2009 йил февраль ойида «Самрук-Казына» миллий фаровонлик жамғармаси таркибида ташкил этилган. 2013 йили у Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига ўтказилган. «СК-Фармация» бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми доирасида дори воситаларини харид қилади, уларни сақлайди, давлат тиббиёт муассасаларини моддий-техникавий таъминлаш жараёнларини ташкил этади, республика бюджетидан харид қилинадиган тиббий асбоб-ускуналар харидини ташкил этади. МЧЖ Қозоғистондаги 2000 дан ортиқ тиббиёт ташкилотлари ва 2,2 миллиондан ортиқ беморларни дори воситалари билан таъминлайди.