Қирғизистон ва Туркия фуқароларнинг ички паспорт билан ташриф буюришига оид масалани кўриб чиқади

Алмаз Имангазиев (чапда) ва Ясин Экрем Серим. mfa.gov.kg сайти фотосурати

Қирғизистон Туркияга икки давлат фуқароларининг ички паспортлардан фойдаланган ҳолда саёҳат қилиши ва ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди. Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Бу таклифлар 1 июль куни Қирғизистон ва Туркия Ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари Алмаз Имангазиев ва Ясин Экрем Серим учрашувида тилга олинди.

Бундан ташқари, Қирғизистон томони паритет асосда икки давлат фуқароларининг мамлакатга кириш рухсатномалари нархини пасайтириш ва Қирғизистон фуқароларига яшаш учун рухсатнома олиш шартларини енгиллаштиришни кўриб чиқишни таклиф қилди.

Туркия миграция қонунчилигини бузган Қирғизистон фуқаролари учун миграция амнистияси бўйича тажриба лойиҳасини ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди. Томонларнинг ваколатли органларини ўз вақтида хабардор қилган ҳолда ушланган, ҳибсга олинган ёки судланган фуқароларга консуллик хизматини таъминлаш бўйича давлатлар ўртасидаги Вена ва Консуллик конвенцияларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Учрашувда фуқаролик, хўжалик ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш доирасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Имангазиевнинг Туркия Адлия вазири ўринбосари Хуршит Йилдирим билан бўлиб ўтган учрашувида мазкур мавзулар батафсил муҳокама қилинди. Жумладан, томонлар ўз ҳудудида озодликдан маҳрум қилинган шахсларни экстрадиция қилиш масаласини кўриб чиқди.

2024 йил май ойи ҳолатига кўра, Туркия қамоқхоналарида 31 нафар Қирғизистон фуқароси мавжуд.

ℹ️ Сўнгги йилларда Туркия қирғизистонликлар учун меҳнат миграцияси борасида асосий йўналишлардан бирига айланди, Туркияда ўртача 20 мингга яқин қирғизистонлик бор бўлса, ёзда уларнинг сони 40 мингга етади. Қирғизистонликлар учун Туркиядаги визасиз режим 90 кун давомида амал қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ