Қирғизистоннинг Ўш вилоятида содир бўлган сел оқибатида ўндан ортиқ одам ҳалок бўлди

Сел қурбонлари жасадларини қидириш ишлари. Қирғизистон ФВВ матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистоннинг Ўш вилоятида 1 июль ҳолатига кўра, сел оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлган. Бир кун аввал Қоракўлжа туманида Daewoo Matiz русумли автомашинани сув оқизиб кетганидан сўнг қурбонлар сони ортди, деб хабар беради Республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўзининг Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида.

Аниқлик киритилишича, машинада беш киши бўлган, улардан бирини маҳаллий аҳоли қутқариб қолган. Қолганларини оқим олиб кетган, кейинроқ фавқулодда хизматлар мутахассислари тўрт нафар йўловчи жасадини топган.

Аввалроқ 28 июнь куни кучли ёмғир оқибатида юзага келган селнинг аҳоли гавжум ҳудудларини босиши туфайли Новқат туманида тўққиз киши ҳалок бўлгани хабар қилинган эди. Сел сўрида дам олиб ўтирган ўн кишилик оилани ювиб кетган. Тез орада қутқарувчилар тўққиз нафар жасадни топишган, уларнинг аксарияти болалар бўлган. Маълум бўлишича, тўрт нафар бола Қозоғистон фуқароси бўлган. Яна бир одам ҳамон қидирилмоқда.

Қўшни республика ФВВ томонидан Ўшга инсонпарварлик ёрдами, жумладан, озиқ-овқат ва уй-рўзғор буюмлари етказиб берилган. Қайтиш рейсида самолёт ҳалок бўлган болалар жасадларини уйларига — Уст-Каменогорск шаҳрига олиб келган.

Новқат туманидаги сел оқими ўнлаб турар-жой биноларини вайрон қилган, электр узатиш линияларини ва Ўш-Боткен-Раззоқов йўлидаги кўприкни қулатган. Вилоятда фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишларига юзлаб қутқарувчилар ва кўплаб техникалар, жумладан, Мудофаа вазирлиги вертолётлари жалб қилинган. Мутахассислар сув босган ҳудуддан одамларни эвакуация қилишда давом этмоқда.

Республика ҳукумати раҳбари Ақилбек Жапаров Ўш вилоятидаги аҳвол билан танишиб, маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли идоралар вакилларига аниқ топшириқлар берган.

«Давлат фавқулодда вазият оқибатларини тез ва самарали бартараф этиш учун барча зарур ресурсларни тақдим этади. Биз жабрланганларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз ва шикастланган инфратузилмани тиклаш учун бор кучимизни сафарбар қиламиз», — дея ваъда қилган Бош вазир.

Мамлакат президенти Садир Жапаров ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди. У табиий офат натижасида инсонлар қурбон бўлгани ҳақидаги хабарни юракда оғриқ билан қабул қилганини таъкидлаган.

Шунингдек, Бош вазир Новқат туманидаги фожиа айбдорлари номларини айтди. Унинг сўзларига кўра, «Қизил-Қия кўмир» корхонаси баланд кўприклар қурганида, сел бунчалик кучли бўлмаган бўларди. Зеро, кўприклар олдида катта сув тўпланиб қолган, шундан сўнг кучайиб, пастга қараб оқа бошлаган. Ҳукумат раҳбари ваколатли органлардан ҳодиса сабабларини текширишни талаб қилган.

«Кўприклар бир киши томонидан лойиҳалаштирилган, уни менга топиб беринг» — дея буйруқ берган Ақилбек Жапаров.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ