Самарқанд шаҳрида 19—22 июнь кунлари 200 дан ортиқ Даун синдромли болалар офталмологик, эшитиш ва стоматологик текширувдан ўтиши мумкин.
Тадбир MESCA фонди томонидан ташкил этилган бўлиб, Самарқанд давлат тиббиёт университети (СДТУ) кўп тармоқли клиникаси жарроҳлик марказида ўтказилмоқда.
«Даун синдромли болаларнинг ота-оналари ва ўқитувчилари учун маҳорат дарслари ташкил этилади. Улар тиббиёт профилактикаси, яъни касалликларнинг олдини олиш бўйича таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилган», — дейилади фонд хабарида.
Барча текширувлар Швейцария, Тошкент ва Самарқанд мутахассислари томонидан ўтказилади.
Яқин кунларда Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон педиатрия жамияти учун соғлиқни сақлаш масалаларига бағишланган симпозиум ҳамда кератоконус диагностикаси ва уни даволаш бўйича очиқ клиник тренинг ўтказилади. Бу офталмология соҳасидаги касаллик бўлиб, у яллиғланишсиз табиатнинг шох парданинг прогрессив дегенератив жараёнининг ривожланиши билан тавсифланади. Кератоконус дунёда болалардаги кўрликнинг етакчи сабабидир. Даун синдроми бўлган болаларда бу ҳолатнинг ривожланиши, шунингдек унга нотўғри ташхис қўйиш хавфи сезиларли даражада юқори ҳисобланади.
«2023 йил август ойида Тошкент шаҳрида 113 нафар [Даун синдромли] болалар рўйхатга олинган, улардан 65 нафари скрининг текширувидан ўтган, икки нафар болага кератоконус ташхиси қўйилган. 2024 йил март ойида Андижон шаҳрида 174 нафар бола рўйхатга олинган, 94 нафари скрининг текширувидан ўтган, улар орасида кератоконус билан касалланган беморлар аниқланмаган», — дейилади фонд хабарида.
ℹ️ MESCA фонди 2021 йилда ташкил этилган. MESCA аббревиатураси «Марказий Осиёда тиббиёт маҳорати ва фани» маъносини англатади. Фонд асосчиси ўзбекистонлик тадбиркор ва хайриячи Бахтиёр Фазиловдир. Жамғарманинг мақсади:
👉 Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги юқори хавфли гуруҳларга тиббий ёрдамнинг юқори сифати ва қулайлиги билан таъминлаш;
👉 мамлакатда тиббиёт маҳоратини қўллаб-қувватлаш, малака ошириш курслари ва клиник тадқиқотларни ташкил этиш;
👉 тўртта йўналишни ривожлантириш: таълим, тадқиқот, маърифий фаолият ва технологиядан фойдаланиш;
👉 биринчи навбатда, соғлиқни сақлаш соҳаси минтақа аҳолисининг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;
👉 Тиббиёт соҳасидаги илғор жаҳон тажрибаси моделларини Марказий Осиё шароитига мослаштириш.
Фонд 2023 йилдан буён Ўзбекистонда Даун синдромли болаларни скрининг текширувидан ўтказиб келади.