Москва тергов органлари Украина ҳудудида бўлиб ўтаётган махсус ҳарбий операция (МҲО) иштирокчилари билан жанжаллашиб қолган қирғизистонлик такси ҳайдовчисига нисбатан жиноий иш қўзғатди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур ҳолат юзасидан 282-модда («Нафрат, адоват қўзғатиш, шунингдек, инсон қадр-қимматини камситиш») билан жиноят иши қўзғатилган.
Воқеа 2 июнга ўтар кечаси содир бўлган. Қирғизистонлик Аипбек Латипов уч кишини Москва ҳалқа йўли бўйлаб олиб кетаётган бўлган. Йўловчилардан бирининг сўзларига кўра, улар 22 март куни Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл»да юз берган терактни муҳокама қила бошлаганларидан сўнг, такси ҳайдовчиси тўхтаб, уларни энди олиб кетмаслигини айтган. Такси ҳайдовчиси нега бундай қилаётганига жавоб бермай, машинадан тушган ва йўловчилардан бирини машинадан йўлга судраб туширган. Йўловчи қаршилик кўрсатган, шундан сўнг яна иккита машина такси ёнида тўхтаган, улардан мигрант ҳайдовчилар тушишган. Улар можарони тинч йўл билан ҳал қилишга ҳаракат қилишган, Латипов эса машинани миниб, кетиб қолган.
«Тушунишимча, у «Крокус» ҳақида гапира бошлаганимиздан норози бўлган. Афтидан, у одамларимизни ўлдирган кимсаларни қўллаб-қувватлайди. Бизларни, МҲО иштирокчилари сифатида машинадан тушириб, кетиб қолди», — деб йўловчининг сўзларини келтиради MK.ru.
Regnum таҳририяти Латипов билан боғланган ва у содир бўлган воқеани бошқача талқин қилган. «МҲО ва «Крокус»нинг бунга умуман алоқаси йўқ. Бу ҳолат кундек равшан кўринади», — дейди нашр бош муҳаррири Марина Аҳмедова.
Латиповнинг сўзларига кўра, йўловчилар маст бўлган, шовқин-сурон қилишган ва сафар давомида тўлов усулини картадан нақд пулга ўзгартиришган. Манзил узоқ бўлган — 100 километр олисда.
«Яъни, у маст одамларни 100 км олисдаги манзилга элтиши керак бўлган ва охир-оқибат улар пул тўламасликлари ҳам мумкин эди. Бу ҳолат доимо хавфли ҳисобланади ва ҳайдовчилар – хоҳ рус бўлсин, хоҳ рус бўлмасин – бундай вазиятдан қочишга ҳаракат қилишади», — дея тушунтиради Аҳмедова.
Латипов нақд пул олишдан бош тортган ва машинани тўхтатган — лекин йўловчилар айтганидек, Москва ҳалқа йўлининг ўртасида эмас, балки бошқа таксига чақиришлари мумкин бўлган махсус «чўнтакда».
«Мен ётиғи билан бошқа такси чақиришларини тушунтирдим. Улар дарҳол менга дўқ қилиб, бақира бошлашди. Кейин мени калтаклай бошлашди. Улардан бири шундай деди: «Бу ерда биз хўжайинмиз. Сени ишинг одамларни манзилиги олиб бориш». Иккитаси машинадан тушишди, бири эшигимни очди. Мен ҳам машинадан тушдим. Улар мени итариб юборишди. Бири орқамга урди. Мен бундай воқеага илк бор дуч келишим. Нима қилишим керак эди?”, — дейди Латипов. Унинг сўзларига кўра, йўловчилар уни энг яқин ўрмонга олиб боришга ҳаракат қилишган.
Латипов можаро жойидан кетгач, полицияга қўнғироқ қилиб, воқеа ҳақида хабар берган, бироқ охири у наряд юборишларини рад этган.
Ҳодисадан сўнг Латиповнинг иш берувчиси, такси компанияси хўжайини Келдибек Амиров уни ишдан бўшатишга қарор қилган.
«У «Яндекс»га қўнғироқ қилиб, йўловчиларни тушириб юборишини айтган. Мен ундан сўрадим: «Нега одамларни тушириб юбординг?». У менга одамлар маст эди, дея жавоб берди. Мен унга: «Бекор бундай қилдинг. Уларни элтиб қўйиш керак эди», — дея вазиятни тушунтиради Амиров.
У барибир Латипов билан шартномани бекор қилишини айтади. Чунки ҳайдовчи регламентни бузган, сабаби эса компания хўжайинини қизиқтирмайди.