Рустам Эмомали: «Афғонистон яна террор ўчоғига айланди»

Рустам Эмомали. khovar.tj сайти фотосурати

Афғонистон яна терроризм учун майдон ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг (ОДКБ) жанубий чегараларида хавфсизликка таҳдидлар манбаига айланди. Бу ҳақда 3 июнь куни Олмаотада бўлиб ўтган КХШТ Парламент ассамблеяси йиғилишида Тожикистон парламенти юқори палатаси раиси Рустам Эмомали маълум қилди.

«Биз ташкилотнинг жанубий чегараларида юзага келиши мумкин бўлган таҳдидлар қўшнимиз Афғонистон ҳудудидан кириб келишини эътиборсиз қолдира олмаймиз. Бу мамлакатда мавжуд вазият бир қатор омиллар таъсирида оғирлигича қолмоқда ва афсуски, биз ҳеч қандай реал тараққиёт ёки яхшиланишни кўрмадик.

Афғонистон яна террорчилик базасига айланди, унинг ҳудудида ўнлаб террорчи ва экстремистик гуруҳлар ўз позицияларини мустаҳкамламоқда», — деди Эмомали.

У афғон наркотиклари, жумладан, синтетик наркотиклар ишлаб чиқариш кўпайганини таъкидлаб, «диний радикализмнинг бузғунчи мафкурасини афғон йўналишидан мамлакатларимизга ўтиши» хавфи ортиб бораётгани ҳақида огоҳлантирди.

«Ҳозирги кунда Афғонистонда мингдан ортиқ диний мадрасалар ташкил этилган бўлиб, уларнинг аксарияти КХШТнинг жанубий чегаралари билан чегарадош Афғонистон вилоятларида жойлашган. Бу марказлар ўз жонига қасд қилувчи террорчиларни ҳам тайёрлайди», — дея таъкидлаган Эмомали ва буларнинг барчаси КХШТ минтақаси учун узоқ муддатли салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Спикер ҳозирда имзоланишга тайёр КХШТнинг тожик-афғон чегарасини мустаҳкамлаш бўйича мақсадли давлатлараро дастури ўз вақтида ишлаб чиқилганига урғу берди.

Эмомали, шунингдек, КХШТ маконининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшма чора-тадбирлар муҳимлигини таъкидлади.

«Турли террористик ва экстремистик ташкилотлар ва гуруҳлар ўзларининг бузғунчи мақсадларига эришиш учун ахборот ва телекоммуникация технологияларидан тобора кўпроқ фойдалана бошладилар. Улар ижтимоий тармоқлар ва интернетнинг бошқа сегментлари орқали кенг кўламли тарғибот ишларини олиб борадилар. Уларнинг мақсади жамиятларимизга ўзларининг бузғунчи мафкурасини сингдириш ва ўз сафларига давлатларимиз фуқаролари орасидан кўпроқ тарафдорларни жалб қилишдир», – деб тушунтирди Тожикистон парламенти юқори палатаси раҳбари.

ℹ️ Май ойи охирида Тожикистон Олий суди ушбу мамлакатда террорчи-экстремистик деб тан олинган ва фаолияти тақиқланган ташкилотларнинг янгиланган рўйхатини эълон қилди. Шунингдек, ушбу рўйхат 2021 йил август ойи ўрталарида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* ҳаракатини ҳам ўз ичига олади. Афғонистоннинг барча қўшниларидан фақат Тожикистон Кобулда ҳокимиятни қўлга киритишни очиқ танқид қилиб, толиблар билан мулоқот ўрнатишдан бош тортган. Хусусан, Президент Эмомали Раҳмон толиблар ҳукумати қонуний эмаслигини, қонунийликка эришиш учун қадам ташламаётганини, пуштун бўлмаганларга зулм ўтказаётганини таъкидлади.

Айни пайтда Афғонистон билан умумий чегарага эга бўлмаган Қозоғистон Афғонистон билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида 2023 йил охирида «Толибон»ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқариб ташлади. Россия ҳам худди шундай қадам ташлашга тайёрлигини эълон қилди — Россия президенти Владимир Путин жорий йил май ойи охирида Афғонистоннинг амалдаги ҳукумати билан муносабатларни ўрнатиш «зарур» эканини таъкидлади.

ℹ️ Коллектив хавфсизлик шартномаси 1992 йил 15 майда Тошкентда Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари томонидан имзоланган. 1993 йили Озарбайжон, Беларусь ва Грузия КХШТга қўшилган. Кейин Озарбайжон ва Грузия КХШТдан чиққан. Ўзбекистон 1999 йили КХШТни тарк этди, 2006 йили ташкилотга яна қайтди, аммо 2012 йили аъзоликни тўхтатди. Ҳозирда КХШТ олти давлатдан ташкил топган: Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).