Ўзбекистон 21 май куни жаҳон молия бозорларида умумий қиймати 1,5 миллиард доллар бўлган суверен еврооблигацияларни жойлаштирди. Ўзбекистон қимматли қоғозлари илк бор бирданига учта валютада: АҚШ доллари, евро ва ўзбек сўмида тақдим этилди, деб хабар беради мамлакат Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (ИМВ) матбуот хизмати.
Облигацияларни жойлаштиришдан олдин АҚШ, Буюк Британия, Германия, Дания, БАА ва бошқа мамлакатлардан 116 нафар инвестор иштирокида яккама-якка видеоконференция (Global Investor Call) ўтказилган. Уларга Ўзбекистондаги макроиқтисодий вазият, 2030 йилгача режалаштирилган таркибий ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берилган.
«Халқаро инвесторлар томонидан дунёда давом этаётган мураккаб вазиятга қарамай, Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорлик сақланаётгани, энергия тарифлари, хусусийлаштириш ва бошқа таркибий ислоҳотларнинг амалий жиҳатдан жадаллашгани ижобий баҳоланди», — дейилади ИМВ хабарида.
21 май давомида умумий суммаси 5,5 миллиард доллар: 3 миллиард доллар, 2 миллиард евро ва 4 триллион сўмга буюртмалар келиб тушган. Натижада Ўзбекистон етти йил муддатга 600 миллион доллар, 3 триллион ўзбек сўми (239 миллион доллар) ва уч йилга 600 миллион евро миқдоридаги еврооблигацияларни жойлаштирган.
Купон ставкалари доллар облигациялари учун 6,9 фоиз, евро учун 5,375 фоиз ва сўм учун 16,625 фоизни ташкил этган. ИМВ Ўзбекистон ички бозорида чиқарилган уч йиллик давлат қимматли қоғозлари бўйича фоиз ставкаси 17,9 фоизни ташкил этишини таъкидлайди.
Евробондларни жойлаштириш натижасида олинган маблағлар давлат бюджети тақчиллигини қоплаш ва Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ), шу жумладан камбағаллик ва очликни тугатиш, сифатли таълим, гендер тенглиги, тоза сув ва санитария, муносиб иш ва иқтисодий ўсиш ва бошқалар учун йўналтирилади.
ℹ️Ўзбекистон илк бор еврооблигацияларни 2019 йил февраль ойида жойлаштирган. Ҳақиқий таклиф ҳажми 1 миллиард долларни ташкил этган ҳолда, талаб 8,5 миллиард доллардан ошган.
ℹ️ Еврооблигациялар — бу қарз олувчилар (компаниялар ёки давлат) томонидан Европа молия бозорида исталган валютада узоқ муддатли кредит олишда чиқарилган халқаро қарз мажбуриятлари. Уларни сотиб олган чет элликлар белгиланган тўловларни ва муддат охирида — кредитнинг асосий суммасини олади.