Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари қўшма чегараолди савдо зонасини ишга туширдилар

Сердар Бердимуҳамедов ва Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва республикага ташриф буюрган Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов «Шовот-Тошҳовуз» қўшма чегараолди савдо зонасини ишга тушириш маросимида иштирок этдилар. Маросим Олий даражадаги музокаралардан сўнг бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати.

Мазкур ҳудудда дирекция, божхона, карантин, фитосанитария ва ветеринария хизматларининг маъмурий бинолари, савдо павильони ва омборлар жойлашган.

Бу ерда «ягона дарча» тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатилади, интерфаол тизимлар, банк, тиббиёт ва меҳмонхона хизматлари учун зарур инфратузилма ташкил этилган.

Қайд этилишича, зона фаолияти умумий аҳолиси 3,5 миллиондан зиёд бўлган иккита муҳим ҳудуд – Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти ва Туркманистоннинг Тошҳовуз вилояти ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилади.

Мирзиёев ва Бердимуҳамедов ўртасидаги музокаралар давомида лойиҳани давом эттириш бўйича келишувлар муҳокама қилинди. Хусусан, бошқа бир чегара ҳудуди — «Олот-Фараб» ҳудудида қўллаш бўйича келишувга эришилди.

Умуман олганда, томонлар иқтисодий муносабатлар ривожланишидаги ижобий динамикани таъкидладилар. Сўнгги йилларда савдо айланмаси икки бараварга ошиб, 1 миллиард доллардан ошди. Бундан ташқари, маҳсулот турларини кенгайтириш ва эркин савдо режимидан самарали фойдаланиш орқали бу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар мавжуд.

Саноат кооперациясини кенгайтириш мақсадида қурилиш материаллари, фармацевтика, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа талаб юқори бўлган товарлар ишлаб чиқаришга қаратилган янги лойиҳаларга бизнесни фаол жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон ва Туркманистон энергетика соҳасида самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйган. Давлат раҳбарлари истиқболли минерал конларни биргаликда ўзлаштириш каби кенг кўламли ташаббусларни илгари суришга келишиб олдилар.

Транспорт масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Юк ташиш ҳажми ўсиб бормоқда, божхона-логистика тартиблари соддалаштирилмоқда. Томонлар Туркманбоши портини биргаликда ривожлантириш ва Тошкент ва Ашхобод ўртасида ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни қайта тиклашга келишиб олдилар.

Етакчилар гуманитар соҳа кўп қиррали алоқаларнинг мустаҳкам пойдевори эканлигига урғу бердилар. Урганч ва Тошкентда Туркманистон маданияти кунлари ва туркман фильмлари намойишлари муваффақиятли ўтказилганини таъкидладилар. Ҳамкорлик суръатини сақлаб қолиш учун томонлар ўзаро концертлар ва театрларнинг ижодий сафарларини мунтазам равишда ўтказиш, Хивада Ёшлар форумини ташкил этиш ва биргаликда фильмлар ишлаб чиқариш амалиётини давом эттиришга келишиб олдилар. Соғлиқни сақлаш ва тиббий технологиялар соҳасидаги алоқалар ҳам фаоллашади.

Икки мамлакат президентлари жорий йил охиригача Ҳукуматлараро комиссия ва Бизнес кенгашининг мунтазам йиғилишларини ўтказишга келишиб олдилар. Музокаралар давомида келишилган ташаббусларни амалга ошириш учун улар қўшни давлатлар ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси бўлиб хизмат қиладиган «йўл харитаси»ни яратадилар.

Учрашув якунида Мирзиёев ва Бердимуҳамедов Қўшма баёнот имзоладилар.

Бундан ташқари, икки республика раҳбарлари иштирокида бир қатор ҳужжатлар имзоланди, жумладан:

✔️ Ўзбекистон – Туркманистон чегараолди савдо зонаси фаолияти тўғрисидаги шартнома;

✔️ Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт фани соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битим;

✔️ Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш тўғрисидаги битим;

✔️ Нефть маҳсулотлари ва суюқ кимёвий юкларни ташиш учун темир йўл вагонларини етказиб бериш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ