Қирғизистонда жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб энг кам пенсия миқдори 6800 сўмдан (77 доллар) кам бўлмайди. Бу ҳақда 22 май куни «Жаны кадам» («Янги қадам») ижтимоий сафарбарлик умумреспублика йиғилишида мамлакат президенти Садир Жапаров маълум қилди.
«Мамнуният билан шуни маълум қиламанки, жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб Ижтимоий жамғарма томонидан тайинланадиган барча пенсиялар камида 6800 сўмни ташкил этади. Мен ушбу муддатни тезлаштиришни сўрадим. Худо хоҳласа, 1 июлдан пенсияларни оширишнинг биринчи босқичи бошланади», — деди Жапаров.
У ҳукумат имкон қадар тезроқ ижтимоий суғурта тўловлари ва нафақаларни яшаш минимумидан юқорироқ кўтариш бўйича астойдил ҳаракат қилишига ваъда берди.
Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида пенсия ёшидаги аҳолининг яшаш нархи ўртача 6 886,86 сўмни (78 доллар) ташкил этган.
Президент яқинда етим болалар учун 500 минг сўмлик «Келечекке салым» болалар жамғармаси очилганини эслади. Ҳар бир етим бола 18 ёшга тўлганда, унга 500 минг сўм (5681 доллар) тўланади. Ушбу маблағлар таълим мақсадларида ва ипотека учун дастлабки тўлов сифатида ишлатилиши мумкин.
Жапаров соғлиқни сақлаш соҳаси ҳақида гапираркан, тиббиёт ходимлари ва беморлар муаммоларини ҳал этиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилишини маълум қилди. Жумладан:
👉 чекка туманлар, кичик шаҳарлар ва қишлоқлардаги соғлиқни сақлаш муассасаларида фаолият юритаётган тиббиёт мутахассисларини қўшимча рағбатлантириш дастури доирасида шифокорлар сони 200 нафардан 500 нафарга кўпайтирилади;
👉 шифокор депозитининг квартал миқдори 38 минг сўмдан 66 минг сўмга (431 доллардан 750 долларга) ошади;
👉 Қирғизистон вилоятларида (Бишкек ва Ўш шаҳарларидан ташқари) ишлайдиган педиатрлар, неонатологлар, жарроҳлар, анестезиологлар ва реаниматологлар учун ойлик 20 минг сўм (227 доллар) миқдорида қўшимча тўлов жорий этилади.
👉 Клиник ординаторлар ва шифокор-интернларни жалб қилиш ва рағбатлантириш учун 20 минг сўм миқдорида махсус тўловлар жорий этилади.
Президент, шунингдек, кейинчалик Қирғизистон Республикасига айланган Қора-Қирғиз автоном вилояти ташкил топганининг 100 йиллиги муносабати билан мамлакатда 100 та йирик корхона ва саноат объектлари очилишини маълум қилди.
Жапаров мисол тариқасида 21 май куни Талас вилоятида янги аэропорт ва «Бала-Саруу» ГЭСи очилганини келтирди.
«Йилнинг иккинчи ярмида биз ҳар ҳафтада бир нечта шундай корхоналарни очишни бошлаймиз. Жорий йили мен ҳукумат ва маҳаллий ҳокимликлар олдига иш ўринлари яратишни асосий вазифа қилиб қўйдим», – деди давлат раҳбари.
Жапаров, шунингдек, маҳаллий ва республика ҳокимиятлари «ҳамма тадбиркорларни, хоҳ кичик цехлар, хоҳ мева-сабзавотларни қайта ишловчи, хоҳ сайёҳлар учун дам олиш масканлари, кафелар ёки савдо майдончалари яратувчилари бўлсин, барчани қўллаб-қувватлаши зарурлигини» таъкидлади. Март ойида деярли барча кичик ва ўрта корхоналар учун ижтимоий тўловлар улуши 27 фоиздан 12 фоизга камайтирилди, деди президент.