Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги 20 майдан бошлаб чет эллик талабаларни онлайн таълимга ўтказди. Вазирликка кўра, бу чора бир ҳафта муддатга жорий қилинмоқда, деб хабар беради «АКИпресс».
Таълим вазири ўринбосари Расул Абазбек уулунинг қўшимча қилишича, масофавий таълим форматига ўтиш Бишкекдаги тартибсизликлар билан боғлиқ бўлиб, унда бошқа мамлакатлардан келган ўнлаб талабалар жароҳат олган. Шундай қилиб, ҳукумат ректорлар билан биргаликда хорижликлар хавфсизлигини кучайтиришга қарор қилган.
Расмий бўлиб ўтган воқеалар мамлакатни яхши томондан кўрсатмаганини ва бу вазиятдан ҳамма ҳулоса чиқариши кераклигини таъкидлаган.
19 май куни Бишкекнинг ғазабланган аҳолиси ҳужумига учраган Қирғизистон Халқаро университети тиббиёт факультети ётоқхонасига республика Бош вазири ўринбосари Эдил Байсалов ташриф буюрди. У чет эллик талабалар ва ўқитувчилардан «бир тўда безорилар» томонидан етказилган зўравонлик ва зарар учун узр сўраган.
«Алоҳида шахсларнинг бундай жиноий ҳаракатлари меҳмондўстлик маданияти ва анъаналарига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Халқимиз азалдан узоқдан келган меҳмонларига алоҳида ҳурмат ва ғамхўрлик билан муносабатда бўлиб келган», — дея ишонтирган йиғилганларни.
Ҳукумат вакили Қирғизистонга келган талабалар ва уларнинг ота-оналарига хавфсизлик кафолатларини бериб, уларга Қирғизистонда хавф йўқлигини, бир кечада содир бўлган воқеалар маҳаллий аҳолининг хорижликларга муносабатини акс эттирмаслигини айтган. Байсалов ҳуқуқ-тартибот идоралари воқеа юзасидан чуқур тергов олиб бораётганини ва барча айбдорлар албатта жавобгарликка тортилишини тасдиқлаган.
ℹ️ Бишкекликлар ва чет эллик талабалар ўртасидаги можаро 18 майга ўтар кечаси авж олган. Дастлаб безорилар қилмишидан жабр кўрган 29 нафар фуқаро тиббий ёрдамга мурожаат қилган. Бироқ, кейин яраланганлар сони 41 кишига кўпайган. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг аниқлик киритишича,
Президент Садир Жапаров топшириғига кўра, можарода касалхонага ётқизилган хорижлик иштирокчилар бепул даволанмоқда.
Бирдан юзага келган норозилик интернетда 13 май куни пойтахт хостелларидан бирида қирғизистонликлар ва хорижликлар ўртасида содир бўлган муштлашув видеосига муносабат бўлган. 17 май куни кечқурун маҳаллий ёшлар чет элликлардан «қасос олиш» учун йиғилиб, уларнинг жавобгарликка тортилишини талаб қилишган. Намойишчилар сони минг кишига етган. Улар бир неча кўчаларни тўсиб, дераза ойналарини синдириб, талабалар ётоқхоналарига бостириб киришган, хорижликларни калтаклай бошлашган. Тўполон жойига етиб келган полиция ходимлари йиғилганларни тарқалишга чақирган. Ҳибсга олишлар бошланган.
Кейинчалик Республика Ички ишлар вазирлиги тартибсизликларни қўзғатувчилар «осиёлик кўринишдаги шахслар» эканини таъкидлади. Шунингдек, безорилик бўйича қўзғатилган жиноий ишда хостелга уюштирилган ҳужумда иштирок этган тўрт нафар хорижлик (фуқаролиги кўрсатилмаган) ва икки нафар қирғизистонлик қўлга олиниб, вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилгани маълум бўлди.