Марказий Осиёдаги энг йирик чанғи курорти Куршавель оператори томонидан барпо этилади

"Ала-Тоо 24" видеосидан кадр

Қирғизистонда қурилиши режалаштирилган «Уч чўққи» кластери Марказий Осиёдаги энг йирик тоғ-чанғи курортига айланиши мумкин. Франциянинг S3V (Société de Trois Vallees) компанияси қурилишни ўз зиммасига олишга қарор қилди, деб хабар беради Қирғизистон президенти матбуот хизмати.

Компания бош директори Паскаль де Тьерсан 29 апрель куни Марказий Осиё Республикаси Президенти Садир Жапаров томонидан қабул қилинди. Меҳмон «Уч чўққи» кластерини ривожлантириш режасини тақдим этган.

Лойиҳа Иссиқкўл вилоятидаги учта тоғ чўққисини қамраб олади: Жирғалон, Оқ-Булоқ ва Бўз-Учуқ. Бу жойларда умумий узунлиги қарийб 200 км бўлган тоғ-чанғи йўлакларини қуриш режалаштирилган.

Сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида меҳмонхоналар, ресторанлар, этношаҳарлар, конференс-заллар ва бошқа дам олиш масканларини ўз ичига олган комплекс инфратузилма барпо этилади.

Дам олиш маскани йилига ўн ой ишлайди ва ҳар йили унга 850 минггача сайёҳ ташриф буюриши мумкин.

Биринчи босқичда 60 км узунликдаги тоғ-чанғи йўлаклари ва олтита канат йўллари қурилади. Иш 2026 йил охиригача якунланади.

Лойиҳага жалб этиладиган сармоялар 165 миллион еврони ташкил қилади.

Лойиҳа амалга оширилгач, 4,8 минг иш ўрни яратилиши кутилмоқда. Солиқ чегирмалари ҳажми 146 миллион еврони ташкил қилади.

Садир Жапаров Қирғизистоннинг бетакрор табиати ва сайёҳлик салоҳияти иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий йўналишларига айланиши кераклигини айтди. Президент «Уч чўққи» тоғ-чанғи кластерини барпо этиш муҳимлигини, бу минтақа туризми ва иқтисодиётини ривожлантиришда кенг кўламли лойиҳага айланиши, ҳам маҳаллий, ҳам халқаро инвестицияларни жалб этишда янги истиқболларни очишини таъкидлади. Жапаров давлат иштирокини талаб қиладиган барча масалаларни ўрганиш бўйича зарур ишларни амалга ошириш бўйича топшириқ берди.

ℹ️ 2023 йил июнь ойида Қирғизистон Иқтисодиёт ва савдо вазири Донияр Амангелдиев Россия ва Австрия компаниялари билан биргаликда чанғи кластерини яратиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берганди.

«Биз тоғ-чанғи кластерини қуриш бўйича Россия компаниялари билан ''Уч чўққи'' қўшма корхонасини ташкил қиламиз. Австриялик инвесторлар лойиҳада иштирок этиш ниятидалар», — деганди Амангелдиев Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида.

ℹ️ S3V компанияси 1946 йили ташкил этилган. Куршавель ва Мерибель-Моттаре курортларини ўз ичига олган «Уч водий» чанғи зонасининг ҳудудлари, ёнбағирлари ва дор йўлларини бошқаради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ