Садир Жапаров Озарбайжонга расмий ташрифини Қорабоғда якунлади ва у ерда Қирғизистон ҳукумати кўмагида Хидирли шаҳрида қуриладиган бўлажак умумтаълим мактаби пойдеворига вақт капсуласини қўйиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Қирғизистон президентининг расмий сайти хабар берди.
«Мактаб қардош Озарбайжон халқига Қирғизистон халқининг совғаси сифатида қурилади», — дейилади хабарда.
Таълим муассасаси икки қаватли бўлиб, 22 ўқув хонасига, жумладан, информатика ва ҳарбий тайёргарлик синфларига мўлжалланган. Бинода спорт ва мажлислар зали, кутубхона, лабораториялар бўлади. Мактаб ҳудудида спорт майдончаси, шийпонча ва қозонхона қурилади.
Бир кун аввал Жапаров Бокунинг марказий кўчаларидан бири – Азадлиқдаги ҳиёбонда атоқли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов ҳайкалининг очилиш маросимида иштирок этди.
Ташриф доирасида Садир Жапаров ва Илҳом Алиев тор доирада музокаралар олиб борди. Президентлар савдо-иқтисодий, сармоявий, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилдилар. Кейин эса икки давлат Давлатлараро кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоиз, бундан аввал Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари Қорабоғ ҳудудида маданий объектлар қурилишида иштирок этишганди. Хусусан, Шавкат Мирзиёев ўтган йил август ойида Физулига ташрифи чоғида Ўзбекистон иштирокида қурилган Мирзо Улуғбек номидаги мактабда бўлган эди. Жорий йил март ойида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Физулида Қозоғистон ташаббуси билан қурилган Қурмангази болалар ижодиёти марказининг очилиш маросимида иштирок этди. Бундан ташқари, ўтган йил кузида Озарбайжон Иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов Туркманистон қурилиш компанияларини Қорабоғни тиклашда иштирок этишга таклиф қилганди.