Кантнинг «Абдиш-Ота» клуби Австралиянинг Госфорд шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиё Футбол Конфедерацияси кубоги зоналараро финалининг жавоб учрашувида маҳаллий «Сентрал Коуст Маринерз»га 0:3 ҳисобида имкониятни бой бериб, икки учрашув натижасига кўра турнирни тарк этади.
Бишкекда бўлиб ўтган ОФК кубоги минтақалараро финалининг ушбу жамоалар ўртасидаги биринчи учрашуви 1:1 ҳисобида якунланганди. Шундай қилиб, иккала жамоа ҳам муваффақиятга эришиш имкониятларини сақлаб қолганди. Энг муҳим ўйин олдидан куч сарфламаслик ва иқлимга мослашиш мақсадида «Абдиш-Ота» Қирғизистон чемпионати доирасидаги «Мурас Юнайтед» билан учрашувни кейинга қолдирди ва ўйиндан тўрт кун олдин Австралияга етиб келди.
Ўз навбатида мезбонлар тўлиқ қуролланган ҳолда учрашувга келишди. Яна бир чемпионат ўйини қолдирилди, тайёргарлик ва дам олишга бир ҳафта қолганди. Олимпия терма жамоасидан икки асосий футболчи қайтди — асосий таркибда майдонга тушган ҳужумчи Куол ва ҳимоячи Фаррел.
Биринчи бўлимдаги ўйин тенг бўлди. Иккала жамоа ҳам анча эҳтиёткорлик билан ўйнашди, тўпни ушлаб туришга ҳаракат қилишди ва олдинга боришни исташмади. Қирғизистонликлар позицион ҳужумлар уюштиришга ҳаракат қилишди, аммо вазият ҳақиқатан ҳам хавфли дақиқаларга етиб бормади. Мезбонлар ҳам вақти-вақти билан Марсел Исломқуловнинг дарвозасига хавф туғдиришди.
Иккинчи бўлимда ўйин кескинлашди. Австралияликлар олдинга фаолроқ ҳаракат қилишди, қирғизистонликлар кўпроқ ҳимояланишди, қарши ҳужумга ўтишга ҳаракат қилишди, аммо унчалик муваффақиятли бўлмади. 77-дақиқада Исломқулов ўйламасдан дарвозани тарк этди ва бу мезбонлар футболчиси Ди Пизионинг голига олиб келди. Орадан бир неча дақиқа ўтиб Магамед Узденов ҳисобни тенглаштириши мумкин эди, бироқ унинг жарима чизиғидан йўллаган зарбаси дарвозадан ўтиб кетди. Аммо орадан икки дақиқа ўтиб мезбонлар иккинчи голни уришди, Микаэль Дока гол урди ва қўшиб берилган вақтда Ди Пизио дубл қайд этиб, ўйиндаги якуний ҳисобни ўрнатди ва ОФК кубоги финалига йўлланма олди.
«Фарғона» мухбири «Мурас Юнайтед» бош мураббийи Андрей Канчельскисдан ўйин натижаларини изоҳлаб беришини сўради.
«Биз учрашувни катта экранда томоша қилдик. Ўйинчиларни қўллаб турдик, улардан хавотир олдик. Албатта, ҳисоб ўйинга қараб бўлмади. Биринчи бўлимда «Абдиш-Ота» ажойиб ўйин қилди ва рақибдан ҳеч кам бўлмади. Иккинчи бўлимда жамоа жисмонан кучсизланиб қолгандек, захирадан майдонга тушган футболчилар ўйинга мослаша олмадилар. Аслида ҳаммасини «Абдиш-Ота» футболчиларининг иккита голли хатоси ҳал қилди. Жамоани энди йирик мағлубият учун танқид қилишса керак, айниқса ўйинни кўрмаганлар. Зеро, Лобановский айтганидек, «ҳеч ким шахмат ўйнашни билмайди, лекин ҳамма ўйнайди, ҳамма футбол ўйнашни билади, лекин ҳеч ким ўйнамайди», — деб жавоб берди Канчельскис.
Бошқа зона финалида Уммоннинг «Ал Наҳда» клуби Ливаннинг «Ал-Аҳед» жамоаси билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Байрутдаги биринчи ўйин мезбонлар фойдасига 1:0 ҳисобида якунлангани боис «Ал-Аҳед» мусобақа финалига йўл олди.
ОФК кубогининг «Ал Аҳед» — «Сентрал Коуст Маринерз» иштирокидаги финал ўйини 5 май куни бўлиб ўтади.