Қозоғистонда миллиардерлар сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудларга «бириктирилади»

Қосим-Жомарт Тўқаев Қўстанай вилоятидаги ишбилармонлар ва волонтёрлар билан учрашувда. akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев сув тошқинидан жабр кўрган ҳар бир вилоят, туман ва қишлоқларга маҳаллий миллиардерларни бириктирмоқчи. Бу ҳақда давлат раҳбари Қўстанай вилояти аҳолиси билан Тобол шаҳридаги тезкор штабда бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди, деб ёзади Kursiv.kz.

«Бизда Forbes рўйхатига киритилган жуда йирик тадбиркорларимиз бор. Биз улар билан суҳбат ўтказамиз ва ҳар бирини вилоят, туман, қишлоққа бириктирамиз», — деди Тўқаев.

Президент бу ишбилармонлар манфаатидан келиб чиқишини, улар ўз сармоялари самарасини кўришини таъкидлади.

Бу Тўқаевнинг қозоғистонлик олигархларга ёрдам сўраб илк бор мурожаат қилиши эмас. 2022 йил январдаги тартибсизликлардан сўнг президент топшириғига кўра «Қазақстан халқына» жамғармаси тузилган, унга йирик тадбиркорлар ва корхоналар ўз ҳиссаларини қўшганди.

Қозоғистондаги ҳозирги сув тошқинлари сўнгги 80 йилдан ортиқ вақт ичида содир бўлган энг йирик табиий офатдир. Республиканинг бир қатор вилоятларида фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, март ойи бошидан буён хавфли ҳудудлардан эвакуация қилинганлар сони 117 минг кишига етган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Машҳур санъаткорнинг Жапаров олдида ўзини қандай тутгани Қирғизистонда ҳокимиятга сиғиниш ва сиёсий ўзгаришлар ҳақидаги баҳсларга сабаб бўлди

  • Марказий Осиёдан мингдан ортиқ спортчи Японияда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларида иштирок этади

  • Муҳим минераллар, сунъий интеллект — «Марказий Осиё — Корея» форматидаги учрашувда яна нималар муҳокама қилинди?

  • Энди туркиялик мактаб ўқувчилари ҳеч қачон «Марказий Осиё» атамасини эшитмаслиги ҳақида