Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирликлари Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддият кучайиб бораётганидан хавотир билдирди.
Дипломатик маҳкамалар можаро томонларини кейинги ҳарбий ҳаракатлардан тийилишга ва барча келишмовчиликларни фақат сиёсий ва дипломатик воситалар орқали ҳал қилишга чақирди.
«Мазкур минтақадаги кескинликнинг авж олиши янада жиддий оқибатларга ва кенг кўламли ҳарбий қарама-қаршиликларга олиб келиши мумкин деб ҳисоблаймиз», — дейилади Ўзбекистон ТИВ баёнотида.
«Қозоғистон халқаро ҳамжамиятнинг минтақадаги вазиятни барқарорлаштириш ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлайди», — дейилади Қозоғистон ТИВ хабарида.
«Қирғизистон Республикаси яна бир бор томонларни халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган тамойиллари ва нормалари, биринчи навбатда, БМТ Низоми асосида низони тинч йўл билан ҳал қилишга чақиради», — дея таъкидлайди Қирғизистон дипломатик маҳкамаси.
ℹ️ 14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроил ҳудудига дронлар ва ракеталар билан ҳужум қилди. Маълумки, 1 апрель куни Дамашқдаги Эрон элчихонасининг консуллик бўлимига берилган ҳаво ҳужумида Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг (ИИҚК) етти нафар зобити ҳалок бўлганди.
Умуман олганда, Исроил ва унинг ҳамкорлари Исроилга қарши берилган «ҳар хил турдаги зарбаларнинг» 99 фоизини, шу жумладан 185 та Shahed-238 дрони ва ва 36 та баллистик ракетани мавх этишга муваффақ бўлишган. Эроннинг хабар беришича, Исроилга еттита гипертовушли ракета ҳам учирилган ва уларнинг ҳеч бирини Исроил ҳаво мудофааси уриб туширолмаган.
Зарбалар Эрон, Ироқ, Яман ва Суриядан берилган. «Ҳизбуллоҳ» Ливан ҳудудидан 55 тагача ракета учирган.
АҚШ, Буюк Британия ва Иордания томонидан Исроилдан ташқарида ўнлаб ракеталар ва учувчисиз учиш аппаратлари уриб туширилган.
Енгил жароҳатлар ёки стресс туфайли ўттиз бир кишига, шунингдек, оғир аҳволда бўлган етти яшар бадавий қизалоғига шифокорлар ёрдами керак бўлган.
Эрон армияси бош штаби раҳбари Муҳаммад Багери Исроилга қилинган ҳужумни муваффақиятли деб атаган. «Исроил Суриядаги консуллигимизга ҳужум қилиб, қизил чизиқни кесиб ўтди ва бунга жавоб бериши керак эди. Операциямиз якунланди, уни давом эттириш ниятимиз йўқ, лекин Исроил объектларимизга зарба берса, биз қатъий жавоб қайтарамиз», — деган Багери.
Айни пайтда, Исроил Эрон ҳужумидан кейин ўзининг кейинги ҳаракатларини кўриб чиқмоқда, жавоб бериш эҳтимоли жуда юқори. АҚШ президенти Жо Байден Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни Эронга янги зарбалар беришдан тийилишга чақирди ва Қўшма Штатлар Эронга қарши ҳарбий амалиётларда қатнашмаслигини таъкидлади.