«Крокус»даги теракт бўйича тўрт нафар айбланувчи ҳибсга олиниши юзасидан апелляция шикояти билан мурожаат қилган

bomdodrus.com сайти фотосурати

22 март куни Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл» концерт залида содир этилган теракт юзасидан ҳибсга олинган Исломовлар оиласидан ота ва ўғиллар – Исроил, Аминжон ва Диловар, шунингдек, Алишер Қосимов ҳибсга олиниши юзасидан апелляция шикояти билан мурожаат қилган.

Биринчи бўлиб Исроил Исломов ҳибсга олиниши юзасидан шикоят қилган. Бироқ, ТАСС хабар беришича,

3 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда Москва шаҳар суди унинг шикоятини қаноатлантирмасдан қолдирган.

Суд мажлисида видеоалоқа орқали Исломовларнинг отаси иштирок этган. Жараён ёпиқ эшиклар ортида ўтган, журналистларга фақат қарорни эшитиш учун ичкарига киришга рухсат берилган. Қолган судланувчиларнинг шикоятлари кейинроқ кўриб чиқилади.

ℹ️ 22 март куни Москва вилоятининг Красногорск шаҳридаги «Крокус Сити Холл» концерт залида «Пикник» рок гуруҳи концерти арафасида теракт содир бўлди. Камуфляжда бўлган ва қуролланган бир неча киши мажмуага кириб, одамларни ўққа тута бошлаган. Улар концерт залига кириб, у ерда ўт қўйишган, ёнғин бинонинг тўрт қавати ва томини қамраб олган. Шундан сўнг жиноятчилар келган машинада қочиб кетишган. Сўнгги маълумотларга кўра, 139 киши теракт қурбони бўлган, улардан 40 нафари ўқ жароҳатларидан ҳалок бўлган, яна 182 киши шикастланган.

23 март куни эрталаб теракт ижрочилари ва уларнинг шериклари — жами 11 киши ҳибсга олингани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади. Улар орасида Россия фуқароси, Қирғизистонда туғилган 31 яшар Алишер Қосимов теракт содир этишда айбланаётганларга квартирани ижарага берган. Судда Қосимов ижарачиларнинг режалари ҳақида билмаслигини айтган. У уюшган гуруҳ таркибида (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 205-моддаси 3-қисми «б» банди) террорчилик хуружини содир этганликда айбланмоқда.

Худди шу модда билан Тожикистонда туғилган ва Россия фуқаролигини олган Исломовлар оила аъзолари ҳам айбланмоқда. Ҳибсга олинган вақтда Исроил Исломов теракт иши бўйича гумонланувчи, ўғиллари эса айбланувчи бўлган. Диловар Исломов террорчилик хуружи содир этишда айбланаётган шахсларга Renault русумли автомашинани сотган. Тергов маълумотларига кўра, учаласи ҳам террорчиларнинг режаларидан хабардор бўлишган. Исломовлар қўйилган айбларни инкор этишмоқда. ОАВ хабарига кўра, Диловар Исломовнинг ўзи терактга алоқадор унинг номидаги автомобил қидирувда эканидан хабар топгач, дарҳол полицияга мурожаат қилган.

25 мартга ўтар кечаси Москванинг Басманний туман суди Қосимов ва Исломовларни 22 майгача ҳибсга олган. Теракт содир этишда айбланган тўрт нафар Тожикистон фуқароси — Далержон Мирзоев, Саидакрами Рачабализода, Шамсидин Фаридуни ва Муҳаммадсобир Файзов ҳам худди шу муддатга ҳибсга олинган. Хабарларга кўра, улар айбларини тан олишган ва мазкур кимсаларни умрбод қамоқ жазоси кутмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ