Қозоғистон ТИВ: «АҚШ Қозоғистоннинг кўплаб глобал муаммолар бўйича ҳақиқий етакчилигини тан олади»

www.gov.kz сайти фотосурати

26 март куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Мурат Нуртлеу Вашингтонда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашиб, икки давлат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда стратегик шерикликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Қозоғистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

«Нуртлеу Қозоғистон ташқи сиёсатининг мутаносиблигини таъкидлади, шунингдек, илғор Америка технологияларини жалб қилиш орқали Қозоғистоннинг транспорт, логистика, инфратузилма, савдо ва сармоявий салоҳиятини прагматик тарзда амалга ошириш, икки давлат ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли савдо алоқаларига эришишга алоҳида эътибор қаратди», — дейилади хабарда.

АҚШ Давлат котиби, ўз навбатида, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг ислоҳотлар дастури изчиллиги ва тизимлилигини маъқуллаб, Вашингтон уларни амалга оширишда бундан кейин ҳам ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлаган.

Блинкен, шунингдек, Қўшма Штатлар «Қозоғистоннинг кўплаб глобал муаммолар бўйича ҳақиқий етакчилигини тан олишини» таъкидлади», — дея урғу беради Қозоғистон ТИВ.

АҚШ Давлат департаменти ҳам Блинкен ва Нуртлеу учрашувидан сўнг матбуот баёнотини эълон қилди. Унда томонлар икки томонлама иқтисодий шериклик бўйича ўз фикрларини ўртоқлашгани, шунингдек, Қозоғистон иқтисодиётини, шу жумладан Метан бўйича глобал мажбурият (Global Methane Pledge) ва муҳим фойдали қазилмаларга сармоя киритиш орқали инвестицияларни кўпайтириш ва иқтисодиётини диверсификация қилишга содиқлигини таъкидлаган.

Блинкен инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш муҳимлигини, эркин оммавий ахборот воситалари ва фаол фуқаролик жамиятининг сармоя ва иқтисодий ўсиш учун қулай муҳит яратишдаги муҳим ролини таъкидлаган. Давлат котиби, шунингдек, Қўшма Штатлар ишончли ҳамкор сифатида Қозоғистон суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги қадриятларига содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган. Блинкеннинг «кўплаб глобал муаммоларда» республиканинг етакчилиги ҳақидаги сўзлари Америка департаментининг пресс-релизида келтирилмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ