Қирғизистонлик мухолифатчи Мадумаров давлатга хиёнатда айбланди, аммо жазодан озод қилинди

Адахан Мадумаров. kloop.kg сайти фотосурати

Бишкекнинг Первомайский туман суди «Бутун Қирғизистон» мухолифат партияси етакчиси Адахан Мадумаровни давлатга хиёнат ва фирибгарликда айбдор деб топди, бироқ жиноятлар учун даъво муддати ўтгани сабабли уни жазодан озод қилишга қарор қилди. Ҳукм 26 март куни кечқурун эълон қилинди, деб хабар беради «АкиПресс».

Бироқ, сиёсатчи ҳукм кучга киргунга қадар ҳибсда сақланади. Прокуратура бундай эҳтиёт чорасини талаб қилган ва суд давлат айбловчиси талабини қондиришга рози бўлган.

Нашрнинг аниқлик киритишича, амалдаги низомга кўра, суд қарори эълон қилинган кундан бошлаб 30 кундан кейин кучга киради.

Мадумаровга нисбатан фирибгарлик бўйича жиноий ишнинг эпизоди номаълум шахснинг аризасига асосланган ва тергов уни 2023 йил май ойида қабул қилган. Унда айтилишича, 2015 йилги парламент сайловлари пайтида «Бутун Қирғизистон» раҳбари 5 минг овоз олиш учун 50 минг доллар тўлаган.

Давлатга хиёнат моддаси бўйича иш Мадумаровнинг Хавфсизлик кенгаши котиби бўлиб ишлаган 2009 йили Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида чегара ҳудудларини бўлиш тўғрисида тузилган протоколга тегишли.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил июнь ойида Бош прокуратура депутатни бир неча моддалар, жумладан, оммавий тартибсизликлар уюштириш ва ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш бўйича жиноий жавобгарликка тортиш учун дахлсизлигини бекор қилиш бўйича парламентга сўров юборган эди. Бироқ Мадумаровнинг ҳамкасблари назорат агентлигига фақат Тожикистон билан чегара масаласида иш қўзғатишга рухсат беришган.

Сўз ўрнида, республика президенти Садир Жапаров ушбу ҳолатга изоҳ бераркан, протоколнинг юридик кучи йўқлигини, чунки Мадумаров уни имзолаш ҳуқуқига эга эмаслигини таъкидлаган. Дастлаб, сиёсатчи ўз ваколатини суиистеъмол қилишда айбланган, кейин эса хиёнат моддаси сифатида қайта таснифланган.

ℹ️ Мухолифатчи ўтган йил 2 сентябрида Бишкек марказида қўлга олинган. Ички ишлар вазирлигининг махсус бўлинмалари 58 ёшли қирғизистонликни ўсмир ўғли билан уйи ёнида кетаётган вақтида ушлаган. Иккаласини автозакка жойшлашган ва полиция бўлимига олиб кетишган. Кўп ўтмай, сиёсатчи тергов изоляторига жойлаштирилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ