Коррупцияда айбланган қирғизистонлик собиқ божхоначи Матраимов Бокудан Бишкекка олиб келинди

Райимбек Матраимов. Қирғизистон МХДҚ матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари Озарбайжонда қўлга олинган Божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовни ватанига олиб келди. Халқаро қидирувда бўлган собиқ амалдорнинг экстрадиция қилингани тўғрисида ҳуқуқ-тартибот идораси матбуот-релизида сўз юритилган.

МХДҚ маълумотларига кўра, Матраимовни Бокуда қўлга олиш бўйича операция 25 март куни Озарбайжон махсус хизматлари кўмагида ўтказилган. Эртаси куни гумонланувчи қўриқчилар ҳамроҳролигида Қирғизистонга жўнатилган.

Республика божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум қилиш (Жиноят кодексининг 169-моддаси) ва жиноий даромадларни легаллаштиришга (ЖКнинг 222-моддаси) доир ишда айбланувчи ҳисобланади.

Разведка хизматининг таъкидлашича, собиқ амалдор ўтган йил кузида ҳибсга олиш пайтида ҳалок бўлган «Коля-қирғиз» номи билан танилган криминал авторитет Қамчи Кўлбаев билан яқин алоқада бўлган. Бундан ташқари, Матраимов божхона ходимлари ва давлат хизматчиларидан иборат жиноий гуруҳ тузишда ҳам гумон қилинаётгани хабар қилинган.

Райимбек Матраимовнинг укалари Тилек, Руслан ва Исломбек ҳам Бишкекка олиб келинган. Бироқ, порахўр амалдорнинг яқинлари нимада гумон қилинаётгани ва уларга нисбатан қандай жиноий иш қўзғатилгани номаълум.

Бир неча кун аввал МХДҚ қирғизистонлик қочоқ Бокуда экани ҳақида хабар берган. Бундан ташқари, разведка хизмати Матраимовни Марказий Осиё республикаси юқори амалдорларига режалаштирилаётган суиқасдга алоқадор деб ҳисоблайди. Бу беш нафар Озарбайжон фуқаросидан иборат уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинганидан кейин ойдинлашган.

Январь ойи охирида Матраимов қидирувга берилгани хабар қилинганди. Расмийларнинг аниқлик киритишича, собиқ мансабдор Республика Жиноят кодексининг 169-моддаси («Жиноятга алоқаси бўлмаган мансабдор шахсни мажбуран ушлаб туриш орқали унинг ҳаракат эркинлигини чеклашга кўмаклашиш»)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинмоқда. Оммавий ахборот воситаларида собиқ божхоначи мамлакатдан тахминан 700 миллион доллар олиб чиқиб кетгани ҳақида маълумот тарқалган.

Ушбу маълумотларни изоҳлар экан, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев қочқинни «коррупциянинг классик намунаси» деб атаган.

ℹ️ Райимбек Матраимов 2015 йилдан 2017 йилгача божхона хизматида ишлаган. 2020 йили у жиноий ишда айбланувчига айланади. 2021 йил 11 февралда «Коррупция» моддаси билан судланган. Амалдор тергов билан келишув тузиб, давлатга 2 миллиард сўм (24 миллион доллар) тўлагани туфайли қамоқдан қутулиб қолган.

Кейинроқ МХДҚ унга нисбатан жиноий даромадларни легаллаштириш айби билан иш қўзғатган, бунга журналистларнинг суриштирув материаллари сабаб бўлган. Улар, жумладан, Матраимовнинг Дубайда қимматбаҳо мулки борлигини айтишган, бироқ разведка хизмати бу маълумотни тасдиқлай олмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ