26 март куни Москванинг Басманний суди красногорсклик тадбиркор Алишер Қосимовни ҳибсга олишга қарор қилди, деб хабар беради РИА Новости.
Қосимов Москва яқинидаги «Крокус-Сити Холл»да содир этилган теракт иши бўйича бундай эҳтиёт чораси қўлланилган саккизинчи айбланувчи бўлди.
«Тергов илтимосномаси қаноатлантирилиб, Алишер Қосимовга нисбатан 22 майга қадар қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси белгиланди», — дейилади суд қарорида.
Айблов тушунарлими, деган саволга Қосимов шунчаки «Авито» орқали квартирани ижарага берганини ва бўлажак террорчиларга бошпана бераётганини билмаганини айтган. Шундан сўнг мажлис ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган.
31 ёшли Алишер Қосимов Россия фуқароси, асли қирғизистонлик. Якка тартибдаги тадбиркор, чойхонаси бор. Учта фарзанд отаси.
Аввалроқ «Крокус Сити Холл»даги терактда гумон қилинган тўрт нафар, шунингдек, террорчиларга ёрдам беришда гумон қилинган ота ва болалар Исроил, Диловар ва Аминчон Исломовлар 22 майга қадар ҳибсга олинган эди. Хусусан, Диловар Исломов террорчилар жиноят жойидан қочиб кетган Renault автомобилининг собиқ эгаси бўлган. Февраль ойида у машинани сотган, ОСАГО суғурта полиси эса унинг номида қолган.
ℹ️ 22 март куни Москва вилоятининг Красногорск шаҳридаги «Крокус Сити Холл» концерт залида «Пикник» рок гуруҳи концерти арафасида теракт содир бўлди. Камуфляжда бўлган ва қуролланган бир неча киши мажмуага кириб, одамларни ўққа тута бошлаган. Улар концерт залига кириб, у ерда ўт қўйишган, ёнғин бинонинг тўрт қавати ва томини қамраб олган. Шундан сўнг улар келган машинада қочиб кетишган. Охирги маълумотларга кўра, 139 киши теракт қурбони бўлган, улардан 40 нафари ўқ жароҳатларидан ҳалок бўлган, яна 182 киши яраланган.
23 март куни эрталаб теракт уюштирганлар — жами 11 киши ҳибсга олингани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади. Биринчилардан бўлиб Тожикистон фуқаролари Далержон Мирзоев, Саидакрами Рачабализода, Шамсидин Фаридуни ва Муҳаммадсобир Файзов ҳибсга олинган.