«Росатом» давлат корпорацияси таркибига кирувчи «Русатом сервис» АЖ Қирғизистон Энергетика вазирлиги билан ҳамкорликда республикада кичик гидроэнергетика лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича шартнома тузди, деб хабар беради «Атоммедиа».
Уч томонлама битим 25 март куни «Русатом сервис» АЖ бош директори Евгений Сальков, Қирғизистон Энергетика вазири Таалайбек Ибраев ва «Росатом»нинг республикадаги ваколатхонаси раҳбари Дмитрий Константинов томонидан имзоланган. Ҳужжатни имзолаш маросими Сочида бўлиб ўтаётган «АТОМЭКСПО-2024» XIII халқаро форуми доирасида бўлиб ўтган.
«Томонлар Қирғизистон Республикасида қуввати 400 МВт гача бўлган кичик гидроэнергетика иншоотларини қуриш бўйича инвестиция лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришдилар», — дейилади хабарда.
«Талас, Жалолобод, Боткен ва бошқа вилоятларда» гидроэлектр станциялари барпо этилиши мумкин.
Шу куни Қирғизистон Энергетика вазири ўринбосари Талайбек Байгазиев «Росатом» билан республикада кам қувватли атом электр станцияларини қуриш бўйича келишув муҳокамаси ҳақида гапирди.
««Росатом» давлат корпорацияси дастлабки техник-иқтисодий асосни ишлаб чиққан. Энди қўшма ишчи гуруҳлар тузиб, улар устида ишлашимиз керак. <…> Бир ёки учта [блок]. Бу 110-330 МВтни ташкил этади, мана шу чегаралар доирасида», — дея Байгазиев сўзларидан иқтибос келтиради ТАСС.
ℹ️ Томонлар 2022 йил 20 январь куни Қирғизистонда кичик атом электр станцияларини қуриш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолаган эди. Ўша йилнинг февраль ойида Қирғизистон Бош вазири Ақилбек Жапаров АЭС қурилиши режаларини қўшни давлатларда бундай станциялар пайдо бўлаётгани билан асослаган эди. Ноябрь ойида Сочидаги «Атомэкспо» форумида Россия ва Қирғизистон вакиллари республикада кам қувватли атом электр станциясини қуриш бўйича дастлабки техник-иқтисодий асослаш бўйича техник шартни имзолаган эди. Ҳужжатда РИТМ-200Н реактор қурилмаси негизида атом электр станциясини қуришга қизиқиш билдирилаётгани таъкидланган.