24.kg нинг собиқ эгаси Асел Оторбаева нашрнинг янги эгаси билан таништирди

«Фарғона» фотосурати

24.kg ахборот агентлигининг янги эгаси нашрнинг қирғизча версиясини бошқариш тажрибасига эга Алмаз Турдумаматов бўлди. Бу ҳақда агентликнинг собиқ эгаси Асел Оторбаева хабар берди.

«Таниқли журналист Алмаз Турдуматов муассис бўлди. Нега? Мен уни анчадан бери биламан. У аввал мен раҳбарлик қилган пайтда сайтнинг қирғизча версиясида муҳаррир бўлиб ишлаган. Давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик тажрибасига эга, бу бошқарув фаолиятида муҳим аҳамиятга эга. Икки тилли, бу ҳам анча муҳим. Одобли, ўқимишли, зиёли инсон», — дея таърифлайди Оторбаева 24.kgнинг янги эгасини.

Авваллари Алмаз Турдумаматов 2010 йили ҳокимиятдан ағдарилган Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиевнинг матбуот хизматини бошқарган, «Қирғизтелеком» ОАЖда, Қирғизистон Миллий банкида ва «Бешинчи канал» телеканалида ишлаган, деб эслайди Kaktus.media. Нашр Адлия вазирлиги маълумотлар базаси саҳифасининг скриншотини эълон қилган, унда Турдумаматов 24.kg ахборот агентлиги раҳбари сифатида кўрсатилган.

Бир кун аввал Economist.kg нашри 15 мартдан бошлаб Адлия вазирлиги маълумотлар базасида 24.kg сайтининг эгаси Nazar News ахборот сайти соҳиби Гулжан Шерипбаева сифатида қайд этилганини аниқлаган. Ўз навбатида Шерипбаева 24.kg нашрига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтиб, бошқа шахс ахборот агентлиги эгасига айланганини маълум қилганди.

«Шерипбаева қандай қилиб «таъсисчилар» қаторига қўшилиб қолганмен бу масалани Адлия вазирлигида суриштиряпман»,деди Оторбаева.

У ахборот агентлигини тарк этишга бир йилдан кўпроқ вақт олдин қарор қилганини тушунтирди. Бунга оилавий шароит ва соғлиқ билан боғлиқ муаммолар сабаб бўлган.

«Таҳририят сиёсатини ўзгартириш ҳақида ҳеч қандай гап бўлмаган, ҳозирда йўқ ва умид қиламанки, келгусида бўлмайди ҳам. Биз ҳеч қачон мухолифат нашри бўлмаганмиз. Биз ҳеч қачон ҳукуматпараст нашр ҳам бўлмаганмиз. Биз мувозанатли маълумотларни тарқатишга ҳаракат қилганмиз ва ҳаракат қилмоқдамиз»,дейди Оторбаева.

ℹ️ Ҳозирда 24.kg агентлиги устидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 15 январь куни эрталаб Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари таҳририятга ташриф буюрган. Улар тинтув ўтказиб, компьютерлар ва бошқа офис жиҳозларини олиб қўйишган. Нашр раҳбарияти сўроққа олиб кетилган ва бир неча соатлик суҳбатдан сўнг қўйиб юборилган. Разведка хизматининг аниқлик киритишича, ОАВга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг 407-моддаси («Урушни тарғиб қилиш») бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Республика ОАВ вакиллари ва ҳуқуқ фаоллари Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевга 24.kg ходимларини ўз офисига киритишга қўйилган тақиқни бекор қилишни сўраб мурожаат қилишган. Бироқ, иш жойи ҳали ҳам муҳрланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ