Жапаров Матраимовнинг ҳукуматга қарши митинглар уюштиришдаги роли ҳақида гапирди

Садир Жапаров. knews.kg сайти фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Кампиробод иши» бўйича ҳибсга олинган судланувчиларнинг яқинлари ваъда қилган митинглар тўлқини юз бериши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан, бундай намойишлардан қўрқмаслигини айтди. Давлат раҳбари «Кабар» агентлигига берган интервьюсида коррупцияда айбдор деб топилган собиқ божхона ходими Раиймбек Матраимовнинг ҳукуматга қарши акцияларни ташкил этишда иштироки ҳақидаги миш-мишларни ҳам рад этди.

«Кампир-Обод иши» доирасида ҳибсга олинган қирғизистонликларнинг қариндошлари ва ҳамроҳлари Орозо (Рўза) тугаганидан кейин митинглар уюштиришга ваъда беришган. Президент Жапаров уларнинг баёнотини изоҳлар экан, халқнинг аксарияти оммавий тартибсизликларни қўзғатувчиларга кескин жавоб бера оладиган ҳукуматни қўллаб-қувватлашини очиқ айтди.

«Биз митинглардан қўрқмаймиз. <…> Агар мен давлатни талон-тарож қилсам, яқинларимни юқори лавозимларга қўйсам ва мамлакатни инқирозга олиб келсам, унда хавотирга тушсам бўларди. Аксинча, жамоам билан кечаю кундуз тинмай меҳнат қиляпмиз. Мамлакатни ботқоқликдан зўрға олиб чиқдик», — деди республика раҳбари.

Унинг қўшимча қилишича, 2020 йили мамлакат иш ҳақи, пенсия ва нафақалар учун хорижий кредитлар олишга мажбур бўлган. Эндиликда, Жапаровнинг сўзларига кўра, мутасаддилар муайян натижаларга эришган, хусусан, божхона ва солиқ тизимидаги ўғирликларга барҳам берилган, шунингдек, бюджет маблағлари қарийб 3 баробарга оширилган.

Президент иддао қилинган митинглар хорижда яшириниб юрган Божхона қўмитаси раҳбарининг собиқ ўринбосари Райим Матраимов томонидан молиялаштирилгани ҳақидаги маълумотни рад этиб, махсус хизматда бундай маълумотлар йўқлигига аниқлик киритди.

Жапаров интервьюсида бу одам билан икки марта учрашганини айтди. Матраимов биринчи марта Қамчибек Қўлбаев (ўтган йили отиб ўлдирилган «Коля-қирғиз» лақабли қонундаги ўғри – «Фарғона» изоҳи) билан бирга бўлган. Ўшанда давлат раҳбари жиноятчини тадбиркорларни «ҳимоя қилишни» бас қилиш ва мамлакат қонунлари асосида яшаш борасида огоҳлантирган.

«Афсуски, ўғирликлар тўхтагани йўқ. Маълум бўлишича, у ҳатто бозорлардаги кичик бизнеснинг ҳам улушига кирган», — деб эслайди Жапаров.

Президент Матраимов билан иккинчи учрашувда ҳам суҳбатдошидан «жиноят билан дўст бўлмасликни», коррупционер амалдор икки миллиард, «Эльдорадо» савдо маркази, ўнта хонадон ва бошқа мулкни давлатга қайтариб берганидан кейин ҳалол яшашини сўраган. Аммо, республика раҳбари таасуфига кўра, собиқ амалдор унга қулоқ солмаган.

«Бу гал биз унинг бошқалар номига рўйхатдан ўтказган барча мулкларини топдик. Улар давлат фойдасига ўтказилади», — дея хулоса қилди президент.

«Кампир-Обод иши»га қайтаркан, «Кабар» агентлиги вакили маҳкумлардан бири, сиёсатчи Азимбек Бекназаровнинг давлат раҳбарини Рамазон ойида бир-бирини кечириш ва қамоққа олинганларни озод қилиш ҳақида мурожаатига изоҳ беришни сўради.

Бунга жавобан Жапаров маҳбуслар тақдирини у эмас, суд ҳал қилишини айтди. Президент Кампиробод бой берилган дея, ёшларни йўлдан оздирганини, аксинча, Қирғизистон сув омборини қўлга киритганини таъкидлади.

«Кампир-Ободнинг 50 фоиз улушини қўлга киритдик. Энди биз уни паритет асосида бошқараяпмиз: Ўзбекистондан уч киши, биз томондан уч киши. Абадий мувозанат бўлади. Ўша кунгача биз бир километрга ҳам яқинлаша олмагандик. Унгар-Тоо, Ғаввоссой, аҳоли пунктлари ичидаги барча баҳсли ҳудудлар бизга ўтказилди», — дея хулоса қилди Жапаров.
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ