Қирғизистон президенти ОАВ тўғрисидаги қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқишга юборди

Садир Жапаров ОАВ вакиллари билан учрашувда, Қирғизистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун лойиҳаси Қирғизистон президенти Садир Жапаров буйруғига биноан қайтариб олинди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Аскат Алагозов маълум қилди.

Жапаров 7 март куни ОАВ раҳбарлари билан учрашувдан сўнг уни қайтариб олиш тўғрисида қарор қабул қилган.

«Йиғилиш якунида ОАВ вакилларининг ахборотини эшитиб, ушбу қонун лойиҳаси юзасидан тушган таклифларни инобатга олган ҳолда Президент Садир Жапаров мазкур қонун лойиҳасини қайта ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди», — деди Алағозов.

ℹ️ Оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солувчи қонун лойиҳаси Қирғизистон Президенти Администрацияси томонидан ишлаб чиқилган. У онлайн ресурслар устидан давлат назоратини кенгайтиради ва аҳоли «ахлоқи» ва «соғлиғи» билан боғлиқ ноаниқ атамалар асосида контентни чеклайди. Қонун лойиҳасининг қабул қилинишига, жумладан, «Медиа сиёсати институти» (МСИ) экспертлари, Омбудсман Жамила Джаманбаева, бир қатор парламент депутатлари ва халқаро ташкилотлар қарши чиқди. МСИ қонун лойиҳаси Қирғизистон Конституцияси ва мамлакат иштирок этаётган халқаро шартномалар нормаларига зид эканлигини таъкидлайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ