Қирғизистон ички ишлар ходимлари рус билярди бўйича уч карра жаҳон чемпиони Қанибек Сагинбаевни қўлга олди. Бу ҳақда АКИpress республика ИИВ матбуот хизматига таяниб хабар берди.
Сагинбаев 2021-2022 йиллари эркин ва юнон-рум кураши, билярд ва велоспорт бўйича СДЮСШОР директори лавозимида ишлаган вақтида ишониб топширилган мулкни ўзлаштиришда гумон қилинмоқда.
«Бишкек шаҳрининг Свердловск тумани ички ишлар бошқармасига Бишкек шаҳар мэриясининг Жисмоний тарбия ва спорт, туризм ва ёшлар билан ишлаш департаменти директорининг мурожаати келиб тушган, унда мулкни қабул қилиш ва ўтказиш чоғида спорт мактабларининг бирида спорт анжомлари миқдори инвентар ҳисоботига мос келмаслиги фактлари аниқланган. Давлат бюджетига 1 миллион сўмдан ортиқ (11,2 минг доллар) зарар етказилган», — дейилади ИИВ матбуот хизмати хабарида.
Билярдчига нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг 210-моддаси 4-қисми 2-банди («Ишончга топширилган мулкни ўзлаштириш ёки растрата қилиш») билан жиноят иши қўзғатилган.
Бундан ташқари, тергов ҳаракатлари давомида «фуқаро С.К., 1985-йилда туғилган» спорт ва ўсмирлар спорт мактаби директори лавозимига тайинланаётганда Жусуп Баласагин номидаги Қирғизистон миллий университетининг қалбаки дипломини тақдим этгани маълум бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан ҳам Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 379-моддаси 2-қисми («Ҳужжатларни қалбакилаштириш») билан жиноят иши қўзғатилган.
Натижада Сагинбаев тергов хизматига олиб кетилган ва Бишкек шаҳар Свердловск туман суди унга нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаган.
Эслатиб ўтамиз, бу билярдчининг қонунни биринчи марта бузиши эмас. 2022 йили Бишкек кўчаларидан бирида Сагинбаев аёл билан жанжаллашиб қолган. Жабрланувчи ариза ёзган. Спортчи ҳибсга олинган. Мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 280-моддаси («Безорилик») билан жиноят иши қўзғатилган. Бироқ кейинроқ аёл ўз даъволаридан қайтган.
Қанибек Сағинбаев — профессионал рус билярди ўйинчиси. Уч карра жаҳон чемпиони. Қирғизистонда хизмат кўрсатган спорт устаси.