Ёқутистонда меҳнат мигрантларини ишга ёллашни тақиқлаш муддати узайтирилди

gosrf.ru сайти фотосурати

Ёқутистон раҳбари Айсен Николаев чет эллик ишчиларга талаб мавжуд қатор соҳаларга меҳнат мигратларини ишга ёллашни тақиқлаш муддатини узайтирди. Бу ҳақда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

Янги ҳужжат 2024 йили амал қилади ва аслида у ўтган йили Николаев томонидан имзоланган фармонни такрорлайди. Хусусан, такси хизмати, йўловчилар ва юкларни ташишда патенти бор хорижликларни ишга олиш тақиқланади. Шунингдек, чет элликларни курьерлик хизмати, омборхона ва ёрдамчи транспорт фаолияти, почта алоқаси, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, овчилик, балиқчилик ва балиқ етиштириш соҳаларида ишга жалб қилиш тақиқланади.

Тақиқланган соҳалар рўйхатига ишлаб чиқариш, қурилиш, улгуржи ва чакана савдо, транспорт воситалари ва мотоциклларни таъмирлаш, меҳмонхоналар ва умумий овқатланиш корхоналарида ишлаш, кўчмас мулк билан боғлиқ операцияларни бажариш, ҳуқуқ ва бухгалтерия соҳасидаги фаолият, соғлиқни сақлаш,таълим соҳасидаги ишлар ҳам киради.

ℹ️ Ёқутистон ҳукумати Россияда биринчи бўлиб чет эл фуқароларини ишга ёллашни тақиқлашни бошлади. 2017 йили ўлкадаги муҳожирларга савдо, балиқчилик, қишлоқ хўжалиги ва йўловчи ташиш соҳаларида ишлаш тақиқланган эди. 2021 йили тақиқлар рўйхатига юк ташиш, улгуржи ва чакана савдо, ёғоч кесиш, мебель ишлаб чиқариш, қурилиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш каби 33 турдаги фаолият киритилди.

Эслатиб ўтамиз, тақиқлар Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон ва Беларусдан келган муҳожирларга тааллуқли эмас: бу давлатлар Евроосиё иқтисодий иттифоқини (ЕОИИ) ташкил қилади ва уларнинг фуқаролари Россияда патентсиз ёки ишлаш учун рухсатномасиз ишлаши мумкин. Меҳнат патентларини Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбайжон, Молдова фуқаролари, шунингдек, ушбу мамлакатлар фуқароси бўлмаган Латвия ва Эстония резидентлари олишлари керак.

ℹ️ Россия Федерацияси ҳудудларида чет эл ишчи кучига талаб мавжуд касблар бўйича меҳнат мигрантларини ишга ёллашни тақиқлаш 2023 йил кузида «Справедливая Россия — За правду» партияси етакчиси Сергей Миронов бошчилигида бир гуруҳ депутатлар Давлат Думасига чет эл фуқароларининг мактаб, такси хизмати ва тиббиёт муассасаларида ишлашини тақиқловчи қонун лойиҳасини тақдим этгандан сўнг бошланди. Натижада, Россия Федерациясининг Курган, Магадан, Тула, Калуга, Калининград вилоятлари, Краснодар ўлкаси ва бошқа бир қатор вилоятлари ҳокимияти томонидан чет эл фуқароларига, шу жумладан такси хизматида ишлашга тақиқлар киритилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди