Қирғизистон футбол иттифоқининг собиқ президенти Медербек Сидиқов ташкилот бош котиби этиб тайинланди

Медербек Сидиқов. ҚФИ матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон футбол иттифоқи (ҚФИ) президентлигидан кетган Медербек Сидиқов ушбу ташкилотнинг бош котиби этиб тайинланди. Бу ҳақда ҚФИ расмий сайти хабар берди.

Сидиқов номзоди уюшманинг янги президенти Қамчибек Ташиев томонидан кўриб чиқиш учун Ижроқўмга тақдим этилганди. Янги сайланган Ижроия қўмита биринчи йиғилишида бир овоздан номзодни маъқуллаган. Сидиқов 27 февралда лавозимга киришган.

Қизиғи шундаки, Сидиқовнинг Қирғизистон футбол иттифоқи президенти лавозимидан истеъфога чиқиш ҳақидаги аризасида «ҚФИ раҳбариятига янги одамларни жалб қилиш зарурати» борлиги ҳақида сўз юритилганди. Натижада уюшма раҳбариятидаги «янги чеҳралардан» Республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси бошлиғи Ташиев ташкилот президенти этиб сайланган, шунингдек «Илбирс» ФК вакили Д.Б.Ералханов вице-президентлардан бири лавозимини эгаллаган. Шу билан бирга, вице-президентлар Канатбек Абдиқодиров ва Ақилбек Маматов ўз ўринларини сақлаб қолишган, Нурдин Букуев эса бош котиб лавозимини биринчи вице-президентликка алмаштирди, Сидиқов ҚФИ бош котиби лавозимини эгаллади.

Ижроқўм йиғилишида Қирғизистон олий лигаси иштирокчилари (10 та жамоа) таркиби ҳам тасдиқланган. Бундан ташқари, йиғилишда ҚФИ президентининг «Футболни қўллаб-қувватлаш жамғармаси»ни ташкил этиш ташаббуси маъқулланди, у футболни ривожлантириш ва оммалаштириш, шунингдек, Қирғизистонда футбол инфратузилмасини модернизация қилиш ва ривожлантириш билан шуғулланади.

Медербек Сидиқов илгари ҳам, яъни 2017 йилнинг апрелидан 2021 йилнинг августигача бош котиб лавозимида ишлаган. 2021 йил октябридан 2024 йил февралига қадар ҚФИ президенти лавозимини эгаллаганди. У Қирғизистон терма жамоасининг 2023 йили Қатарда бўлиб ўтган Осиё Кубогидаги муваффақиятсиз ўйинидан сўнг истеъфога чиққанди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ