SIGA: Тожикистон толиблардан «Жамоати Ансоруллоҳ» аъзоларини экстрадиция қилишни сўради

2023 йил апрель ойида "Ансоруллоҳ" аъзоларининг Тожикистонга ўтмоқчи бўлган жойи, афғон томонидан кўриниш. globalaffairs.ch сайти фотосурати

Тожикистон расмийлари Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаган «Толибон»* ҳаракатидан «Жамоати Ансоруллоҳ» террорчи ташкилоти аъзоларини экстрадиция қилишни сўради. Бу ҳақда Swiss Institute for Global Affairs (SIGA, Швейцария глобал алоқалар институти) ўз манбаларига таяниб хабар берди.

SIGA маълумотларига кўра, Тожикистон ҳукумати 2023 йил сентябрда хавфсизлик кучлари томонидан Афғонистон Бадахшонидан мамлакатга ноқонуний ўтган уч нафар шахсни отиб ташлаганидан сўнг толибларга мурожаат қилган. Аниқланишича, улар «Ансоруллоҳ» аъзолари бўлган. Ўша йил ноябрь ойида афғон-тожик чегарасидаги Панд дарёси ёқасида толиблар билан махфий музокаралар бўлиб ўтган.

Тожикистон вакиллари, «Ансоруллоҳ» гуруҳининг деярли барча аъзолари тожикистонлик экани боис, уларни ўз ватанларига экстрадиция қилишни сўраган. Расмийлар ҳатто жамоат аъзоларининг Афғонистондаги аниқ манзилларини толибларга тақдим этишган. Бироқ, толиблар экстрадиция қилиш имконсиз эканини айтиб, Тожикистон ҳукумати ва «Ансоруллоҳ» ўртасида тинчлик музокараларини ўтказишни таклиф қилишган.

Душанбе делегацияни тузишга ва Жамоат билан музокаралар ўтказишга рози бўлган, дейди SIGA. Ўз навбатида, «Ансоруллоҳ» аъзолари ўзларининг асосий душмани деб ҳисоблаган Тожикистон ҳукумати билан келишувни қатъиян рад этишган, кейин бир қатор шартларни илгари суришган. Улар тожик ҳукуматидан:

👉ўзини исломий, деб эълон қилишни;

👉Тожикистон ҳудудидан Россия ҳарбий хизматчиларини чиқариб юборишни;

👉 қамоқдаги «Жамоати Ансоруллоҳ» аъзоларини озод этишни;

👉мамлакатда мадрасалар очишни талаб қилишган.

Илгари сурилган шартлар бажарилиши имконсиз эканини билган «Толибон» «Ансоруллоҳ» билан музокаларни давом эттирган ва пировардида гуруҳ фақат битта шарт қолдиришига эришолган: россиялик барча ҳарбийлар Тожикистон ҳудудини тарк этиши лозим. Ушбу талаб ҳам имконсиз экани боис, музокаралар давом этмоқда.

SIGA манбаларининг хабар беришича, толиблар нафақат «Ансоруллоҳ» аъзоларига Афғонистон бўйлаб эркин ҳаракатланишига йўл қўйяпти, балки уларни пул ва техникалар билан қўллаб-қувватлаяпти. Тожикистон ҳукумати билан тил топишга бўлган уринишлар зоя кетиши мумкин, шунинг учун гуруҳ у билан жангга қилишга ҳозирланмоқда, дейди SIGA.

ℹ️ «Жамоати Ансоруллоҳ» тожикистонлик диний радикаллар томонидан 2000-чи йиллар бошида «Ўзбекистон ислом ҳаракати»* ташкилотидан ажраб чиққанидан кейин Покистон ҳудудида ташкил топган. Гуруҳ кейинчалик Афғонистонга кўчиб ўтади ва уни Амриддин Табаров бошқаради. «Ансоруллоҳ» амалдаги Тожикистон ҳукуматини Россиянинг қўғирчоқ режими, деб ҳисоблагани боис, уни исломий тизимга ўтказишга ҳаракат қилади. 2012 йил Тожикистон Олий суди «Ансоруллоҳ»ни террорчи ташкилот деб тан олган ва мамлакатда унинг фаолитятини тақиқлаган. 2016 йили (бошқа манбага кўра-2015 йили) Афғонистонда Табаров махсус операция чоғида ўлдирилган.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди